Самарқанд шаҳрида йўловчиларни ташишда муаммолар кўп, аммо...

Вилоят транспорт бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-тур аввалгиларига ўхшамади. Сабаби, одатда бундай тадбирларда журналист ва блогерларга соҳада эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот бериларди. Тўғри, пресс-тур иштирокчилари Самарқанд шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари учун транспорт хизмати кўрсатувчи айрим корхоналар фаолияти ҳамда соҳадаги янгиликлар билан танишди. Шу билан бирга баъзи корхона раҳбарлари билан қилган суҳбатлар давомида тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳам эшитди.

Биринчи манзил "Трамвай линияларини эксплуатация қилиш" дирекцияси бўлди.

- Лойиҳа қиймати 5 миллиард 960 миллион сўмлик қурилиш ишларини олиб боряпмиз, - дейди “Бунёдкор шижоат қурувчи” хусусий корхонаси иш юритувчиси Рўзибой Абдуалимов. – Бу ерда бир вақтнинг ўзида 8 та трамвайни таъмирлашга мўлжалланган замонавий устахона ва икки йулакдан иборат вагон ювиш айвонлари бунёд этиляпти. Ишни шу йилнинг октябрь ойида якунига етказамиз.

Шу пайтга қадар вагонларни ювиш ва таъмирлаш ишлари очиқ майдонда бажарилар эди. Бу, албатта, ходимлар учун қийинчилик туғдирарди. Мазкур бинолар фойдаланишга топширилгач, муаммога ечим топилади, ишчилар учун қулайликлар яратилади.

Пресс-тур иштирокчилари “Темир йўл вокзали – Сартепа” йўналишида ҳаракатланаётган трамвайлар фаолияти билан ҳам танишди.

Кейинги манзил “Тоҳирбек универсал транс” МЧЖ бўлди. Шу ерда журналистлар аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўртага ташлаб, ўзларини қизиқтирган саволларга мазкур корхона раҳбари ва вилоят транспорт бошқармаси масъулларидан жавоб олишга ҳаракат қилди. Шаҳарда ҳаракатланаётган айрим таксиларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги, ҳайдовчиларнинг йўловчилар билан яхши муомалада бўлмаслиги айтилди. Масъуллар эса бу каби муаммоларни бартараф этишда кенг жамоатчиликни жалб этиш кераклиги, йўловчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш зарурлиги, ҳайдовчи ва йўловчиларга тушунтириш ишлари олиб боришда эса ОАВ вакилларини ўрни алоҳида эканлигини таъкидлади.

Тадбир давомида “Алишоҳ транс сервис” ҳамда “Севинч транс сервис” масъулияти чекланган жамиятлари автосаройига ҳам саёҳат уюштирилди. Бу ерда корхона раҳбарлари йўловчиларни қийнаётган муаммоларни журналист ва блогерлардан олдинроқ ўртага ташлаб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, бу борада тадбиркорлар ўзлари бошидан кечираётган қийинчиликлар ҳақида гапирди.

- Тўғри, бугунги кунда йўловчиларни қийнаётган муаммолар талай, - дейди “Алишоҳ транс сервис” МЧЖ раҳбари Асқар Раҳимов. -   Аммо йўловчиларнинг ҳам маданиятсизлиги бизни қийнайди. Масалан, уларнинг айримлари автобусларнинг ўриндиқларига чизиб, жилдларини йиртиб кетишади. 100 сўм қайтим муаммосини ижтимоий тармоқларда муҳокама  қиладию, аммо ҳайдовчидан талаб қилишга ийманади. Кеч соат 19:00 дан кейин автобуслар қатнамаса ҳамма ёққа жар солишади, аммо биз автобуслар ҳаракатини кечгача узайтирсак, ноқонуний йўловчи ташувчи “Дамас” автомашиналари келиб қолса, биз қўйган автобусларга чиқишмайди. Кам йўловчи билан ҳаркатланиш эса автобусларимиз ҳаракати учун моддий зарар. “Субсидия” ёки “Дотация” деган имтиёзлар ҳали бизга берилгани йўқ. Аксинча, пандемия даврида 6 ой давомида корхонамиз фаолияти тўхтатилди. Бир тийин кирим бўлмади, аммо олган кредитларимизнинг фоизларини тўлашга мажбур бўлдик.

Шу ва бошқа масалаларга аниқроқ ойдинлик киритиш мақсадида транспорт соҳаси ва унга алоқадор бошқарма масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказишга келишиб олинди.

Тўлқин Сиддиқов.