Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлар куз-қиш мавсумига тайёрми? Ширкатлар фаолияти талаб даражасидами?

Илгари хабар берганимиздек, 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини назорат қилиш Республика ишчи гуруҳи вилоятимиз шаҳар ва туманларида бўлиб, саккиз йўналишдаги муаммоларни аниқлашди. Жумладан, кўп қаватли уй-жойлар бўйича ҳам хато-камчиликлар кам эмас.

Жорий йилнинг 21 август куни вилоят уй-жой коммунал бошқармасида 24 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарлари, тижорат банклари вакиллари иштирокида ўтган йиғилишда кўп қаватли уйларнинг жорий ва мукаммал таъмирлаш учун зарур бўлган 4,4  сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш масаласи муҳокама килинди. Икки кунда эса ширкатларга 567 миллион сўм кредит ажратилди.

Ўтган давр мобайнида тижорат банклари томонидан ширкатларга 104,1 миллиард  сўм миқдоридаги кредитлар ажратилган бўлиб, жорий йил 18 август ҳолатига мазкур кредит маблағлари доирасида 93,6 миллиард сўм миқдоридаги кредит қарздорлиги юзага келган.

Муаммоли кредитнинг энг юқори улуши Самарқанд шаҳри (1,46 миллиард сўм), Каттақўрғон шаҳри (2,1 миллиард сўм), Нарпай (348 миллион сўм), Оқдарё (320 миллион сўм), Булунғур (302 миллион сўм) туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўтган йилнинг қиш даврида кузатилган муаммолар ва ўтказилган хатлов натижасида жами 266 та кўп қаватли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган. Жумладан, 12 та уйнинг 10 минг квадрат метр том қисми мукаммал таъмирдан чиқарилиб, 12 та уйнинг ертўлалари тартибга келтирилди, 13 та уйнинг иситиш тизими таъмирдан чиқарилди, 20 та уйнинг фасад қисми таъмирланган.

Самарқанд шаҳрида жами 1046 та кўп қаватли уй-жойларга 113 та хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари хизмат кўрсатади. Ишчи гуруҳ айрим ХУЖМШлар фаолияти ачинарли аҳволда эканлигини қайд этишди. Жумладан, “Қорасув” массиви “Обод маскан” маҳалласидаги янги қурилган 69 та кўп хонадонли уйларга “Янги уйлар сервис” ширкати томонидан хизмат кўрсатиб келмоқда. Аксарият уйларнинг атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган. Жумладан, 4, 5, 22-уйлардаги лифтлар ишламайди. 1-уйнинг 2-кириш йўлагида очиқ қолган электр симлари ҳаёт учун хавфли. Ертўла эшиги таъмирга муҳтож.

“Пахтаобод Садаф” ширкати 22 та уйга хизмат қилади. 10-уйнинг фасад қисми таъмирталаб, қурилиш чиқиндилари кўчага чиқариб ташланган. 18-уйнинг ташқи ёритиш тизимидаги электр симлари тартибсиз ҳолда, ўриндиқлар таъмирталаб. 31 А уйнинг фасад қисми ҳам таъмирталаб, атроф чиқинди билан тўла, ободонлаштирилмаган. 33-уйнинг орқа томони чиқиндихонага айланган. 52- ва 56-уйларнинг атрофи ободонлаштирилмаган, ташқи ёритиш тизими ишдан чиққан. Электр симлари тартибсиз тортилган, бу уйларда ҳам ички ёритиш тизими ишламайди. Уйнинг том қисми таъмирталаб, уй ертўласи қурилиш ва маиший чиқиндилар билан тўлиб қолган.

“Ибн Сино” ширкати 6 та кўп қаватли уйга хизмат қилади. Барча уйларнинг том қисми таъмирталаб, ҳудуд ободонлаштирилмаган, электр симлари хавфсизлик талабларига жавоб бермайди.

“Фарҳод Ширин” ширкатига қарашли 10 та уйнинг ҳудуди ободонлаштирилмаганлиги сабаб чиқиндихонага айланган, томлари таъмирталаб. Электр симлари хавфсизлик талабларига жавоб бермайди.

Каттақўрғон шаҳридаги 18 та хусусий уй-жой ширкатлари 237 та кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатади.

“Миёнкол сифат таъмир” ширкати 3 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади.  Туркистон кўчасида жойлашган 33, У.Барноев кўчасидаги 58 ва 60-уйларнинг ертўласидаги оқова ва ичимлик суви қувурлари таъмирталаб, ҳаво алмашиш учун туйнуклар йўқ. “Илғор Дўстлик” ширкати Шавқий кўчасида жойлашган 13 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Бу ерда ҳам бирорта кўп қаватли уйларда ҳаво алмашиш туйнуклари чиқарилмаган. 25 ва 33-уйларнинг кириш йўлакларига фрамугалар ўрнатилмаган. 30 ва 32-уйларнинг фасад қисми, кириш йўлаклари таъмирталаб.

Шунингдек, 28 та кўп қаватли уйга жавобгар бўлган “Бобур Тарағай” уй-жой ширкати фаолиятига ҳам қониқарсиз баҳо берилди. Жумладан, Бобур кўчасидаги 15-уйнинг фасад қисми таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган. 1, 2, 3, 5, 6, 7, 8-уйларга кириш йўлакларида фрамугалар, электр шитлари ўрнатиш ҳамда электр тармоқларини таъмирлаш ишлари бажарилмаган.

Ингичка қўрғонидаги “Ингичка қўрғон инвест” хусусий уй-жой ширкатига қарашли Навоий кўчасидаги 1 ва 9-уйларнинг кириш йўлакларида темир эшиклар, ёритиш чироқлари ўрнатилмаган. Ҳаво алмашиш туйнуклари йўқ. 1-уй олдидаги пиёдалар йўлагининг таъмирлаш ишлари тугатилмаган.

“Илғор Дўстлик” ширкатига қарашли 21 ва 22-уйларнинг бош тақсимлаш шити таъмирланмаган. Автоматик ўчиргичларга уланган кабеллар контактлари нотўғри маҳкамланган. Шитлар қулфланмаган, автоматик ўчиргичлар ишдан чиққанлиги сабаб тўғридан тўғри улаб қўйилган.

Худди шундай камчиликлар, “Дилором Пардаева”, “Шоира Ўктамовна” ҳамда “Истиқлол қўрғони” ширкатига қарашли уйларда ҳам аниқланди.

Жомбой туманида жами 35 та кўп қаватли уй бўлиб, уларга 3 та ширкат хизмат кўрсатади. Жумладан, “Тошкент” маҳалласида жойлашган 7 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатадиган “Ишонч” ширкатидаги 1, 4, 5, 6-уйларида электр энергияси тармоқлари инсон ҳаёти учун хавфли ҳолатга келиб қолган. Бош электр тақсимлаш шити носоз, махсус сақлагичлар ўрнида оддий симлардан фойдаланилган.

Ишчи гуруҳ вилоятдаги бошқа туман ва қишлоқларда ҳам ўз ишини давом эттирмоқда.

Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати.