Самарқанд шаҳрига 20 та "Дамас" русумидаги тез тиббий ёрдам автомашиналлари топширилди

Бугун Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган давлат санитария-эпидемиология идоралари мутахассислари, ички ишлар, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги ходимлари бир муддат Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида йиғилди.

Дастлаб вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов пандемияга қарши чоралар кўриш, аҳолининг карантин чекловларига қатъий амал қилиши ва уларни уйда қолишини таъминлаш бугуннинг долзарб юмуши эканини таъкидлади. Самарқанд шаҳрида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳудудларни дезинфекция қилиш ва махсус ишлов бериш борасида ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этаётган ходимларга миннатдорлик билдирди.

Шундан сўнг ушбу тадбирлар давомида ўзининг жонкуярлиги, қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажарганлиги, фидойилиги ва фаол иштироки учун 100 нафарга яқин ходимга Самарқанд шаҳар ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, карантин даврида эпидемиологик вазиятни юмшатишда сифат ва самарага эришишни таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги номидан Самарқанд шаҳрига 20 та "Дамас" русумидаги тез тиббий ёрдам махсус автомашиналари топширилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.