Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд туманида 19 700 АҚШ долларига ер майдони сотган хўжалик раҳбари аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, “Н.Н.” фермер хўжалиги раҳбари бир неча фуқаронинг ишончига кириб, уларга хўжаликнинг сувли ер майдонидан деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун ер ажратиб беришни ваъда қилган. Уларнинг биридан 9 500 АҚШ доллари, иккинчисидан 10 200 АҚШ долларини олиб, Самарқанд тумани ҳокимининг 31.12.2020 йилдаги сохта қарорини ариза муаллифларига тақдим қилган.

Текширув давомида Н.Н. томонидан ўз айбига иқрор бўлиб 500 АҚШ доллари ва 4,5 млн сўмни ихтиёрий қайтарганлиги процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-6-моддаси (суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.