Самарқанд туманида солиқ органининг маъмурий баённомаси бекор қилинди
Самарқанд тумани маъмурий суди томонидан фуқаро М.Ч.га нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, фуқаро М.Ч.нинг хатти-ҳаракатида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд эмаслиги боис ҳаракатдан тугатилган.
Иш ҳолатларига кўра, Самарқанд тумани ДСИ ходимлари томонидан 2019 йил 3 октябрь куни умумий овқатланиш шахобчалари, тўйхоналар ва бошқа тунги клубларда концерт-томоша фаолияти билан лицензиясиз шуғулланувчи фуқароларни аниқлаш ва уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш мақсадида ўтказилган тадбир давомида М.Ч. тумандаги тўйхоналардан бирида лицензияси бўлмаган ҳолда санъаткорлик фаолияти билан шуғулланиши тўғрисида хулосага келиниб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида фуқаро М.Ч. лицензияси мавжудлигини, қонунга хилоф равишда санъаткорлик билан шуғулланмаганлигини баён этган бўлса-да, ДСИ ходимлари фуқаро М.Ч.га нисбатан бўлган ишни ҳаракатдан тугатиш ўрнига, тўпланган ҳужжатларни фуқаро М.Ч.га нисбатан жазо тайинлаш масаласини кўриб чиқиш учун туман маъмурий судига юборган.
Суд мажлиси давомида аниқланишича, фуқаро М.Ч.нинг 2019 йил 30 октябрь кунига қадар амал қилувчи концерт-томоша фаолиятининг 6-рейтинги бўйича тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда концерт-томоша хизмати кўрсатиш ҳуқуқини берувчи лицензияси мавжуд бўлган.
Шу боис маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳаракатдан тугатилган.
Бундан ташқари, Самарқанд тумани ДСИ бошлиғи номига тақдимнома киритилиб, бу каби хато ва камчиликлар такрорланмаслиги чора-тадбирларини кўриш, фуқаро М.Ч.га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирган ходимларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиб, улар томонидан қонунбузарлик аниқланган тақдирда тегишли жазо чораси қўллаш масаласи қўйилган.
З.КАРИМОВ,
Самарқанд тумани маъмурий суди раиси.