Самарқанд ветеринария медицинаси институтида “Мустақиллик дарслари” бўлиб ўтди

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида 2 сентябрь куни “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида онлайн тарзда “Мустақиллик дарслари” бўлиб ўтди. Ҳар йилгидан ўзгача тарзда  ташкил этилган мазкур анжуманда қадрдон ўқув маскани ва фидойи устозларини соғинган талабалар ва уларнинг ота-оналари, институт раҳбарияти, профессор ўқитувчилар иштирок этди.

Институт ректори, профессор Х.Юнусов янги ўқув йилининг бошланиши ва энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан табриклади.

Мамлакатимизда пандемия муносабати билан карантин чекловлари жорий этилгач, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида янгича шарт-шароитлар, қонун-қоидалар жорий этилди. Олий таълим муассасалари фаолиятнинг янада замонавий ва илғор усулини танлади, яъни таълимни масофавий тарзда ташкил этди.

Дастлаб кўпчилик учун мураккабдек туюлган бўлсада, айни кунга келиб, у янада такомиллаштирилиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қулайроқ кўриниш касб этди. Институт ректорининг таъкидлашича, ёзги таътил давомида мутасаддилар платформани бутунлай янгилаб, янги ўқув йилига тайёр ҳолга келтирди.

Бугундан янги ўқув йили бошланди. Демак,  белгиланган дарс жадвали асосида  ва олдиндан эълон қилинган ҳавола орқали талабалар платформада машғулотларни давом эттиради. Платформада дарслар ўтган ўқув йилидан бутунлай бошқача, қизиқарли ва самарали ташкил этилган.

Самарқанд ветеринария медицинаси

институти ахборот хизмати.