Самарқанд вилояти ҳокими Э.ТУРДИМОВ: “Эзгу фазилатлар халқимизнинг юрагида, қалбида мужассам”

Муҳтарам Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олиб, ҳозирги пандемия шароитида аҳолимизнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ғоясини илгари сурди.
Бу ташаббус барча юртдошларимиз каби самарқандликлар қалбини ҳам жўшдириб, ғайратига ғайрат қўшмоқда. Шу боис ҳам бу қутлуғ ҳаракат ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимиз мағзига, инсоний бурчимизнинг ҳам қарзи, ҳам фарзига, давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланди. Аслида бундай эзгу интилиш ва фазилатлар халқимизнинг юрагида, қалбида мужассам.
Давлатимиз раҳбари шу йил 20 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида халқаро ва миллий талабларга тўлиқ амал қилган ҳолда, мамлакатимизда карантин режимини босқичма-босқич юмшатиш, шу асосда тезроқ нормал ҳаётга қайтиш бўйича дастлабки чора-тадбирларни белгилаб берган эди. 22 апрель куни ўтказилган видеоселекторда эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш вазифалари, шу жумладан, карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш масаласи Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида муҳокама қилинди. Ҳар бир йўналиш ва кесимда бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан аниқ топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди. Уларни муқаддас ой давомида ўз вақтида бажариш бўйича амалий ишларни бошлаб юбордик.
Ҳақиқатан, кун сайин ўзгараётган вазият аҳоли бандлигини таъминлаш ва муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича қўшимча чоралар кўришни талаб қилмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда 3,8 миллион киши 904 минг оилада истиқомат қилиб келмоқда. Пандемия бошлангунга қадар меҳнат бозорида ишсизлик даражаси 9,3 фоизни ташкил қилган бўлса, хорижий давлатлардан меҳнат муҳожирларининг қайтиб келиши ва вақтинча ишсиз қолган фуқаролар ҳисобига бу миқдор 11,1 фоизга етиши кутилмоқда.
Маълумки, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида камбағалликни қисқартириш масаласи кўтарилиб, уни камайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар кўриб келиняпти. Таҳлиллар вилоятимизда даромад нотекис тақсимланганлигини кўрсатмоқда. Шу боис камбағалликнинг юқори даражаси ва ўрта ҳол аҳолининг умумий аҳоли сонидаги улушининг энг паст кўрсаткичи ҳам баъзи туманлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ана шундай оилаларни аниқлаш бўйича ўрганишлар натижасида бугунги кунда 47,7 мингта (222,4 минг нафар фуқаро) муҳтож оилалар мавжудлиги аниқланди (шундан 18 мингга яқин фуқаролар чет элдан вилоятимизга қайтиб келган меҳнат муҳожирлари ҳисобланади).
Албатта, Президентимиз қайд этганидек, камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак. Худди шу нуқтаи назардан ўтказилган таҳлиллар натижасида муҳтожлик даражасидаги аҳолининг 19 609 нафари мутахассисликка эга бўлиб, ҳозирги кунда ишсизлиги, 35 776 нафари шахсий томорқасида банд қилиш имконияти мавжудлиги, 39 615 нафари мутахассислиги бўлмаган ишсизлар борлиги маълум бўлди. Бу эса ўз навбатида улар бандлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг амалий ва манзилли бўлишини таъминлайди.
Президентимиз кейиннги 3 йил мобайнида тадбиркорларни бевосита қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва ундан кейин қабул қилган қарорларида уларга берилган турли хил имтиёз ва преференциялар, солиқ таътиллари, имтиёзли банк кредитлари ва қўшимча енгилликлар туфайли вилоятимизнинг аксарият ишлаб чиқарувчилари иқтисодий барқарорликни ҳамда иш ўринларини сақлаб қолишига эришилди.
Жорий йилнинг март - апрель ойларида:
- 3906 та тадбиркорнинг 798,0 млрд. сўмлик кредит қарздорликлари муддатлари 6 ойга узайтирилди;
- Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 734 та тадбиркорлик субъектларига 217,8 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди.
- туризм соҳасидаги 455 та субъектларга ер, мулк солиқлари ҳамда ижтимоий солиқнинг 12 фоиздан 1 фоизга пасайиши ҳисобига жами
2,4 млрд. сўм солиқлардан имтиёзлар қўлланилди.
- 1276 та товарларни реализация қилиш айланмаси ойига
1 млрд. сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчиларга 27,8 млрд. сўм солиқларни чораклик тўлаш ҳуқуқи берилди.
- 9 641 та қишлоқ хўжалиги корхоналари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 69,7 млрд. сўмга (50 фоизга) пасайтирилди ва ҳоказо...
Вилоятда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалий ишлар ҳам бошлаб юборилди. Тадбиркор ва фермерлар муносиб ҳисасини қўшади.
Эркинжон ТУРДИМОВ
Самарқанд вилояти ҳокими.