Самарқанд вилояти ҳудудлардаги тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳити рейтингидан ўрин олди

Адлия вазирлиги республика ҳудудларидаги тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳити рейтингини эълон қилди.

Баҳолашда иккита асосий манбага: тегишли идораларнинг расмий статистик маълумотлари ҳамда тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар натижаларига таянилди.

Хусусан, тизимда синов тариқасида ўтган 2019 йилнинг якунлари бўйича ҳудудларнинг, жумладан, ҳар бир туман ва шаҳарда ишбилармонлик муҳити баҳоланди.

Баҳолаш жами 29 та кўрсаткичлар (индикаторлар) асосида амалга оширилиб, шундан 25 таси тегишли идораларнинг статистик маълумотлари, қолган 4 таси 17 мингдан ортиқ тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар натижалари асосида ҳисобланди.

Асосий индикаторлар жумласига тадбиркорларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги ҳамда Давлат бюджетига келиб тушган тушумлардаги улуши, тадбиркорлар томонидан аҳолини иш билан таъминланганлиги кўрсаткичларини киритиш мумкин.

Ишбилармонлик муҳитини баҳолаш мезонлари тўғридан-тўғри Ҳукумат қарорида кўрсатилган бўлиб, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан келишилган.

Мазкур рейтинг синов тариқасида ишлаб чиқилган, яъни демо версияда. Ушбу демо рейтинг дастлабки натижаларига асосан кучли 5 талик қуйидаги ҳудудлардир:

  1. Тошкент шаҳри
  2. Навоий вилояти
  3. Бухоро вилояти
  4. Қорақалпоғистон Республикаси
  5. Самарқанд вилояти

Рейтинг натижалари интернет тармоғида http://demo.b-indicator.uz/  манзилида жойлаштирилган.