Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи аҳолига мурожаат қилди

Оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали кейинги кунларда мамлакатимизда карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқатмоқда. Дарҳақиқат, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда коронавирус инфекциясидан соғайиш кўрсаткичи 81 фоиздан ошди. Шу боис жойларда қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратилган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ҳаёт фаоллаштирилиб, аҳолининг эркин ҳаракатланиш имконияти яратилмоқда.

Бироқ юртимизда ҳамон коронавирусни юқтирганлар аниқланмоқда. Жумладан, Самарқандда ҳам коронавирус инфекциясини юқтираётган фуқаролар қайд этиляпти. Бу эса карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилишимиз ва ҳамиша ҳушёр бўлишимиз кераклигини англатади.

Ҳозир вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни самарали даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш, Миллий гвардия, мудофаа ва ички ишлар бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда изчил фаолият олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мутасаддилар томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда, аҳолининг ҳам карантин қоидаларига риоя қилиши, тўғри хулоса чиқаришлари талаб этилади.

Барчамиз муборак Рамазон ҳайити байрами арафасидамиз. Ушбу муқаддас кунда гуруҳ-гуруҳ бўлиб, хонадонма-хонадон юришларни чеклаш, турли маросимларни ўтказмаслик касалликка чалиниш ҳамда оила аъзолари ва яқинларингизга юқтириш эҳтимолининг олдини олишда энг муҳим саналади. Карантин қоидаларига риоя этмаслик эса жиддий оқибатларга сабаб бўлиши муминлигини унутмайлик.

Азиз самарқандликлар!

Юқоридагиларни инобатга олиб, Сиз азизларни яна бир бор уйда қолиб, карантин қоидаларига риоя қилишга, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларингизни тез-тез совунлаб ювиш, қўлни кўксимизга қўйиб саломлашиш, тиббий ниқоб тақишда давом этиш каби қоидаларга қатъий амалга қилишингизни сўраймиз.

Коронавирус юқтириб олишнинг эҳтимолий хавфидан ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг!