Самарқанд халқ таълими муассасаларининг яна 27600 нафар ходими гриппга қарши эмланмоқда

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг барчасида пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда анъанавий дарслар ташкил этилган.

Айни пайтда ўқувчилар саломатлигини муҳофаза қилиш, шу билан бирга, ўқитувчиларнинг турли юқумли касалликларга чалинишининг олдини олиш мақсадида бепул тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 15 сентябрдаги қўшма қароридан келиб чиқиб, бошқармаси тасарруфидаги 1255 та умумтаълим мактабларининг 56370 нафар педагог-ходимларига 494 766 дона гидроксихлорохин ва 824 610 дона цинк микроэлементи мавжуд дори воситалари тарқатилди.

Соғлиқни сақлаш ҳамда Халқ таълими вазирликларининг 2020 йил 2 октябрдаги “Умумтаълим муассасаларида грипп ва ўткир респиратор инфекциялар мавсумига тайёргарлик кўриш, умумтаълим муассасалари ўқитувчи ҳамда ходимларини гриппга қарши эмлаш ишларини ташкил этиш тўғрисида”ги қўшма қарорига асосан биринчи босқичда бошқарма тасарруфидаги умумтаълим муассасаларининг 28 минг нафар ўқитувчи ва ходимлари грипп ва ўткир респиратор инфекцияларга қарши эмланганди. Жорий йилнинг 2 ноябрь кунидан эмлаш ишларининг иккинчи босқичи ҳам бошланди. Ушбу босқичда 27600 нафар умумтаълим муассасалари ходимлари эмланиши кўзда тутилган.

Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар ҳар куни кўплаб ўқувчилар билан дарс соатларида мулоқотда бўлаётган ўқитувчиларнинг саломатлигини асрашга хизмат қилмоқда.

Муродилла ЯКУБОВ,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси шўъба мудири.