Самарқанд халқаро аэропортида тез орада нималар ўзгаради?

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасига кўра, эндиликда Самарқанд “ҳаво дарвозаси”да 17 та янги мунтазам халқаро йўналишлар йўлга қўйилади.

2022 йилнинг мартига қадар Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт хабига айлантириш чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Бунда маҳаллий йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 7 тадан 20 тагача, географияси 4 та йўналишдан 5 тагача оширилади. Халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 25 тагача, географияси 4 та йўналишдан 8 тагача кўпайтирилади. «Очиқ осмон» режимини жорий этиш ҳисобига 8 та хорижий авиакомпанияни жалб қилиш ва 17 та янги мунтазам халқаро йўналишларни йўлга қўйишни назарда тутади.

Шунингдек, четдан туристлар оқимини кескин кўпайтириш мақсадида Самарқанд халқаро аэропортининг маҳаллий темир йўл ва автобус қатновларига боғланган, илк бор хусусий бошқарувга берилган янги терминали ишга туширилади. Янги терминал келаси ой ишга тушади.