Самарқанд халқаро технология университети фаолият бошлаганига бир йил бўлди
Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов, профессор-ўқитувчилар, ота-оналар, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонига асосан ўтган йили Самарқанд халқаро технология университети ташкил этилди. Бундан мақсад - Ўзбекистонни жаҳон иқтисодиётига муваффақиятли интеграция қилиш учун ўзида илғор муҳандислик билимлари мавжуд бўлган, ижодий фикрлаш қобилиятига эга, инновацион технологияларни яратиш ва жорий этиш кўникмаларини эгаллаган юқори малакали янги мутахассисларни тайёрлаш эди.
Айни кунда ушбу мураккаб вазифани бажариш учун университетда техник таълим, хориж стандартлари асосида муҳандис кадрларни тайёрлашнинг амалдаги тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, мазкур таълим масканига Америка, Польша, Италия, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Жанубий Африкадаги етакчи таълим ва илмий-техника марказларида фаолият олиб бораётган етакчи профессор-ўқитувчилар ва маҳаллий мутахассислар таклиф қилинган.
- Университетимизда ўқув режа ва дастурларнинг қарийб 99 фоизи жаҳон стандартлари асосида хорижий техника университетлари билан ҳамкорликда яратилган, - дейди олийгоҳ ректори, профессор Юсуф Абдуллаев. - Дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. 2023 йил баҳорги семестрдан «Тадбиркорлик ва менежмент», «Ахборот технологиялари» таълим йўналишларига талабаларни қабул қилдик. Кузги семестрдан талабалар учун яна «Нефть-газ муҳандислиги», «Кимё муҳандислиги», «Кончилик иши», «Геология ва геология муҳандислиги», «Электротехника» каби йўналишлар очилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, тўрт йўналишда – «яшил» технологиялар, саноат дизайни, рақамли иқтисодиёт ҳамда корейс тили бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Корея технология ва маданият коллежига тайёрлов курслари ҳамда талабаларда ўзбек тилидаги матнларни бемалол тушуниш кўникмасини шакллантириш мақсадида Ўзбек тили ва маданияти маркази ўз ишини бошлади.
Тадбирда хорижлик ҳамкорлар университет жамоасини бир йиллик фаолияти билан қутлади.
Таъкидлаш ўринлики, олийгоҳда «Самарқанд халқаро технология университетининг навқирон келажак авлодга мурожаатномаси» ишлаб чиқилган ва бу мурожаатномани йиллар давомида сифатли сақланишини таъминлаш учун махсус рамзий «капсула» ҳам ясатилган. Тадбир давомида мурожаатнома ўқиб эшиттирилди ва унинг матни 10 йилдан сўнг очилиб, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар таққослаб чиқилиши таъкидланди.
Тантанали тадбир миллий ва халқаро мусиқий куй-қўшиқ ва саҳна кўринишлари билан давом этди.
Самарқанд халқаро технология университети ахборот хизмати.