Самарқандда 2,5 минг гектар майдондаги пахта машиналар ёрдамида терилади, 5 та терим машинаси сотиб олинади

Бу йил вилоятимизда пахта йиғим-терими ўтган йилларга нисбатан бироз кеч бошланди. Кузнинг ёғин-сочинли кунлари тобора яқинлашмоқда. Шундай бўлса-да, етиштирилган ҳосилни қисқа фурсатда териб олиш чоралари кўрилмоқда.

Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасидан маълум қилишларича, вилоятимиздаги пахта тўқимачилик кластерлари “John Deere” компаниясининг Тошкентдаги офиси орқали 5 та пахта териш машинаси сотиб олинади.

Жумладан, Иштихон туманидаги “Мароқанд сифат текстиль” масъулияти чекланган жамияти 3 та ва Нарпай туманидаги “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамияти пахта тўқимачилик кластери эса 2 та ана шундай замонавий пахта терим машиналарини олиб келади. Ҳозирда 1 та терим машинаси Иштихон туманига келтирилиб, терим майдонига мослаштирилаётган бўлса, яна битта машина Сурхондарё вилоятида терим ишларида синовдан ўтказилиб, вилоятимизга келтирилмоқда.

Ушбу техникалар бир кунда 15-20 гектаргача майдондан 60-90 тоннагача пахта териш имкониятига эга. Техникалар ёрдамида вилоятимиздаги 2500 гектар майдондаги пахтани териб олиш режалаштирилган. Агар бу машиналар самарадорлиги кутилган натижа берса, кейинчалик яна шу каби терим машиналари харид қилинади.

Ўз мухбиримиз.