Самарқандда 3 ой давомида йўл ҳаракати билан боғлиқ 50 мингга яқин қоидабузарлик бўйича салкам 8 миллиард сўм ундирилган
Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан ушбу даврда 102 минг 283 та умумий қоидабузарликлар, шундан 28 минг 603 та қўпол қоидабузарликлар, 1994 та маст ҳайдовчилар, 5 минг 909 та пиёдалар қоидабузарликлари аниқланган.
Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан ваколат доирасида бўлган 49 минг 169 та маъмурий баённома бўйича ҳуқуқбузарлардан 7 миллиард 754 миллион сўм жарима ундирилган.
Мазкур маълумот вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ф.Шайзаковнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашига тақдим этган ҳисоботида келтирилган.
Қайд этилишича, вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига 17 та стационар, 6 та мобиль радарлар ўрнатилган. Улар ёрдамида ўтган уч ойда 30 минг 473 та қоидабузарлик аниқланиб, 6 миллиард 994 миллион сўм жарима ундирилган.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмаганлиги учун 14 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.
Шунингдек, йўл хўжалиги ташкилотларига 24 та, шаҳар-туман ҳокимликларига 6 та тақдимнома киритилган.