Самарқандда 4034 нафар фуқаро ички бозорда талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқитишга юборилган
Самарқанд вилоятида 2020 йилда ишсиз фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Дастури бўйича 4034 нафар фуқаро ички бозорда талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқитишга юборилган. Бу ҳақда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўн саккизинчи сессиясида вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов маълум қилди.
Шундан 2306 нафари аёллар, 2413 нафар ёшлар ҳисобланади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги ўқув марказлари ва масканлардан ташқари бошқа давлат ва нодавлат таълим муассасалари, “Ҳунарманд” уюшмалари билан ҳамкорликда тикувчилик, компьютер саводхонлиги, автомобилларни таъмирлаш, пайвандлаш, ошпазлик, электромонтаж, сантехник, сартарошлик, қурилиш ва бошқа йўналишларда ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
Йил якунига қадар яна 827 нафар ишсиз фуқаролар касбга ўқитилади.
Ишсиз фуқаро касбга ўқиш учун қаерга мурожаат қилиши керак?
- Ишсиз фуқаро ҳудудий бандлик бўлимига иш сўраб мурожат қилади.
- Бандлик бўлими фуқарога маълумоти ва касби бўйича иш таклиф қилади ва унга мақбул келадиган иш топилмагандан кейин ишсиз, деб эътироф этади.
- Бандлик бўлими уч томонлама тузилган (иш берувчи, таълим муассасаси ва ўқувчи ўртасида) шартномага асосан ишсиз фуқарони касбга ўқитишга йўлланма беради.
- Ўқув муассасаси томонидан ишсиз шахсларга ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисида буйруқ чиқаради.
- Ўқиш даври касби йўналиши бўйича ўқитиш давомийлигига қараб 6 ойдан ошмаслиги шарт.
- Ўқиш даврида ишсиз фуқарога ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида стипендия тўлаб борилади.
- Ўқишни тугатган шахсга сертификат берилади ва ишга жойлаштиришга кўмаклашилади.