Самарқандда 7 ҳолатда бюджетнинг 2,5 миллиард сўм маблағи қоидага зид равишда сарфланган
Хатоликларни такрорламаслик бўйича барча туман, шаҳар хокимликлари огоҳлантирилган. Бироқ депутатлар бу хато юзага келишига сабабчи бўлган ва йўл қўйганлар қонун доирасида жазоланишини талаб қилди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма тўққизинчи сессиясида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов айтиб ўтган.
Хусусан:
- Нарпай тумани ҳокимининг тегишли фармойишлари асосида туман бюджетидан молиялаштирилмайдиган ва бюджетда сақланмайдиган ташкилотлар учун 3 ҳолатда жами 450,0 миллион сўм (туман ДХХ ва “Пахтакор овози” газетаси таҳририяти биноларини таъмирлаш ишлари учун) туман бюджети даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан маблағлар йўналтирилган;
- Пайариқ тумани бюджетининг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан туман давлат солиқ инспекцияси биносини жорий таъмирлаш ишлари учун 300,0 миллион сўм маблағ ажратилган;
- халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг тегишли қарорларига асосан вилоят бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан вилоят давлат солиқ бошқармасига “Андроид” платформада ишлашга мослаштирилган махсус қурилмалар сотиб олиш учун 787,5 миллион сўм ва автотранпорт воситасини харид қилиш учун 134,7 миллион сўм ажратилган.
Бунда, аҳолига қулайлик яратиш ҳамда солиқ соҳасидаги коррупцион хавфларни бартараф этиш мақсадида “Солиқларни ақлли йиғиш тизими” дастури Давлат солиқ қўмитасининг мурожаатига асосан, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан амалга оширилган;
- Булунғур ва Нарпай туманларида ушбу туманлар маҳаллий бюджети кўшимча манбаларидан 2 та “TRAILBLAZER” русумли автомобил харид қилинган.