Самарқандда аҳоли учун кенгайтирилган тиббий кўрик ва муолажалар ойлиги бошланди
Халқаро саломатлик куни муносабати билан барча ҳудудларда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Саломатлик сайллари” ойлиги ўтказилиши белгиланди.
Шу муносабат билан Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 2-сон оилавий поликлиникасида бугундан бошлаб саломатлик сайли бошланди. Айни вақтда истовчилар Тошкентдан келган малакали мутахассисларнинг тиббий кўригидан ўтиб, саломатлиги борасида керакли маълумотга эга бўлмоқда.
Бир ой давомида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва вилоят даволаш профилактика муассасаларининг малакали мутахассислари ҳамда тиббиёт олийгоҳларининг профессор ўқитувчилари иштирокида тегишли график бўйича вилоятимиз ҳудудларида профилактик тиббий кўриклар, скрининг дастурлари ва соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилади.
Шунингдек, тиббий кўрик ва текширувлар натижасига кўра, беморларга бир қатор дори воситалари берилиши кўзда тутилган. Барча хизматлар бепул амалга оширилади.