Самарқандда атмосфера зарарланиш даражаси ўрганиляпти

Кеча вилоятимизнинг барча ҳудудларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқлаш бўйича кўчма экологик лаборатория иш бошлади.

Мазкур кўчма лаборатория автоматик тарзда атмосфера ҳавосининг 20 та кўрсаткичини, жумладан аэродинамик диаметри 10 микрон (PM10) ва 2,5 микрон (PM2,5) бўлган майда дисперсли заррачалар ва бошқа ифлослантирувчи моддалар миқдорини, метеорологик кўрсаткичларни – шамол йўналиши, атмосфера босими, намлиги ва бошқаларни аниқлаш имконини беради.

Мазкур мобиль лаборатория чекка ҳудудларда жойлашган объектларни, шунингдек, аҳолининг шикоятлари бўйича атмосфера ҳавоси сифатини таҳлилий инструментал назорат қилишда қўл келади. Натижада намуналар олиш ва уларни таҳлил қилиш самарадорлиги ошади, ресурслар ва таҳлил вақти қисқаради. Илгари битта ингредиентга лаборатория таҳлили учун камида 3 соат сарфланган бўлса, энди бу вақт 6 баробарга қисқариб, барча кўрсаткичларни аниқлаш вақти 30 дақиқадан ошмайди.

Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқлаётган мазкур кўчма экологик лаборатория 16 апрель куни ҳам иш олиб боради.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.