Самарқандда байрам олдидан 11 нафар аёл жазодан озод қилинди
Жиноятга жазо муқаррар. Лекин бундан кўзланган мақсад жиноятчидан ўч олиш эмас, уни тарбиялашдир. Шафқатсизлик эса ҳеч қачон тарбия воситаси бўлмаган. Шу боис бағрикенглик, кечиримлилик халқимизнинг ўзига хос хислатларидан. Бу борада айниқса, нозик хилқат саналмиш хотин-қизларга алоҳида эҳтиром кўрсатилади.
Зотан, киши билиб-билмай, бехосдан ёки оқибатини тушунмай, ҳуқуқий билимсизлик оқибатида жиноят содир қилиб қўйиши мумкин. Унинг ҳаракатига албатта қонуний баҳо берилиб, тегишли жазо тайинланади. Бироқ унинг ота-онаси, оиласи, фарзандлари, қариндошлари чеккан азиятни ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди.
Инсонпарварлик тамойилига асосланган қонунчилигимизда бу масала ҳисобга олиниб, қилган қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, жазо муддатини ўташи даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларини бузмаган, ИИБ органлари томонидан ижобий тавсифнома берилган маҳкумларни муддатидан олдин жазодан озод қилиш амалиёти жорий қилинган.
Хотин-қизлар байрами олдидан бу амалиёт вилоят судлари томонидан 11 нафар аёл кишига нисбатан қўлланилиб, муддатидан олдин жазодан озод қилинди.
Жумладан, Паст Дарғом туманидаги ИИБ 37-сонли манзил колониясида 10 нафар маҳкум ва маҳкумаларнинг ишлари жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан сайёр суд мажлисида кўрилди.
Аниқланишича, озодликдан маҳрум қилинган Сарвиноз Ҳасанова ушбу манзил колонияда яна 1 йилу 11 ой 25 кун жазо ўташи керак эди. У жазодан шартли равишда озод қилиниб, уйига кузатиб қўйилди.
Маҳкума Сожида Қўзиева яна 7 ой 2 кун озодликдан маҳрум бўлиши керак эди. Унинг жазоси енгилроғи билан, яъни ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлиси Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғини биносида ташкил этилди. Суд мажлисида 5 нафар шахс, улардан икки нафари аёл киши, муддатидан илгари жазодан шартли равишда озод қилинди.
Жумладан, Нигора Тиркашевага содир қилган қилмиши учун ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган эди. Жазонинг ўталмай қолган қисми 1 йил 2 ой 27 кун эди. Н.Тиркашева қилмишидан пушаймонлиги, қатъий тузалиш йўлига ўтганлиги инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойили асосида жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилинди.
Озодликдан чеклаш жазоси тайинланган Нурия Ўрозова ҳам ўталмаган 8 ой 24 кунлик жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Энди улар янгидан соғлом турмуш тарзи бошлаш ниятини билдиришди.
Бундай хайрли тадбирлар давом эттирилмоқда.
Толиб Бойзоқов,
Самарқанд вилояти суди раисининг ўринбосари.