Самарқандда чиқиндиларни олиб кетиш учун мажбурий тўлов миқдори ўзгарди

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган. Унда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўлов тарифлари белгиланган.

Хусусан, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида чиқинди учун киши бошига ойига 3400 сўмдан тўлов белгиланди.
Каттақўрғон шаҳри ва бошқа туманларда хизмат нархи 2900 сўмни ташкил қилади.

Бундан ташқари, қарор билан юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тарифлари ҳам ўзгарди.

Энди юридик шахс ёки ЯТТ 1 тонна қаттиқ маиший чиқиндини олиб чиқиб кетишлари учун 130 393 (суюқ чиқинди учун эса 50 428) сўм тўлайди.

Каттақўрғон шаҳри ва бошқа туманлардаги юридик шахс ёки ЯТТлар айни шундай хизмат учун 111 303 сўм тўловни амалга оширади.

Дарвоқе, депутатлар вилоят молия бошқармасининг жорий йил 29 июнь ва 7 июлдаги хулосаларига асосланиб, мазкур қарорга келишган.

Ўзгартишлар бўйича вилоят ҳокимининг тегишли қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Тарифлар қачон кучга кириши ўша ҳужжатда қайд этилади.