Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда фуқаролик ишлари бўйича судлардаги 31 судьядан 1 нафари умрбод судьяликка тайинланган, 3 та штат вакант

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида ахборот берган фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Б.Норов айтиб ўтди.

Ахборотда таъкидланганидек, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида 9 минг 544 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 7 608 таси қаноатлантирилган, 1 минг 080 таси рад этилган. Шунингдек, 417 таси иш юритишдан тугатилган ва 439 таси кўрмасдан қолдирилган.

Олти ой давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган қишлоқ хўжалиги ер майдонларини қайтариш тўғрисида 2 минг 368 та, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаларида жойлашган қурилмаларни бузиш тўғрисида 63 та, ноқонуний қурилмаларни бузиш тўғрисида эса 220 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган.

Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ва Ер майдонларини ноқонуний эгаликдан қайтариб олиш ёки ер майдонидан чиқариш юзасидан апелляция ва кассация инстанциясида 98 та шикоятлар кўриб чиқилган.

Ушбу даврда 116 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризалари бўйича тарафлар ярашганлиги сабабли оилалар сақлаб қолинган.

Вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан  алимент ундириш ҳақида 1 минг 855 та суд буйруқлари чиқарилган.

Судлар томонидан фуқаролик ишлари ва суд буйруқлари юзасидан 12 минг 721 та 37 миллиард 375 миллион 745 минг 116 сўмлик ижро ҳужжатлари мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлимларига юборилган.

Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судларида 34 та судьялик штати мавжуд бўлиб, шундан 3 та судьялик штати вакант.

Судьялардан 1 нафар судья муддатсиз даврга, 9 нафар судья 10 йиллик муддатга, 21 нафар судья 5 йиллик муддатга тайинланган.