Самарқандда “Икки эшик ораси”дан яна ноқонуний фойдаланишди

Самарқанд вилоят адлия бошқармасига Ўзбекистон халқ ёзувчиcи Ўткир Ҳошимов меросхўри ҳисобланган фуқаро Ф.Ҳошимов мерос ҳуқуқи бўйича мурожаат қилди.

Мурожаатда Самарқанддаги китоб дўконида ёзувчининг “Икки эшик ораси” китобининг контрафакт нусхалари сотилаётгани қайд этилган.

Вилоят адлия бошқармасининг маълум қилишича, мазкур мурожаат ўрганилганда якка тартибдаги тадбиркорга тегишли савдо шохобчасида мазкур асарнинг “Ilm-ziyo-zakovat” ҳамда “Meriyus” нашриётларида чоп этилган контрафакт нусхалари сотилгани аниқланди. Натижада бошқарма томонидан тадбиркорга ушбу асарнинг контрафакт нусхаларини сотувдан олиш ҳақида тақдимнома киритилди ва кўрилган таъсир чоралари натижасида мурожаат қаноатлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунга кўра, юридик ва жисмоний шахслар, қонунда кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат биринчиси эмас. Аввал ҳам Самарқандда мазкур асардан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.