Самарқандда икки кунда икки киши пора билан ушланди

Юртимизда коррупцияга қарши курашиш, мазкур ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада тегишли қонунлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ушбу жиноятга қарши курашишнинг қонуний асослари яратилган. Шунингдек, коррупция билан боғлиқ жиноятлар келиб чиқишининг сабаб ва оқибатлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Аммо минг афсуски, бундай жиноятлар ҳамон учрамоқда.

Самарқанд вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, 2019 йил 6 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги “Боғишамол” адвокатлар ҳайъати адвокати А.М. Самарқанд вилоятида яшовчи икки нафар фуқародан никоҳдан ажратиш жараёнини тезлатиш ва алимент тўловларини ундириш масаласида ёрдам бериш эвазига 200 АҚШ долларини пора тариқасида  олаётган вақтда қўлга олинган.

Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Самарқанд вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида Нарпай тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси ёрдамчиси Р.М. бирлашма тиббий ходимидан унинг 0,25 ставка иш ўрнини тўлиқ ставкага ўтказиб бериш шарти билан 400 АҚШ долларини пора сифатида олаётган вақтда ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЎзА.