Самарқандда илк бор роботлаштирилган жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Аввалроқ Самарқанддаги “Meros international hospital” клиникасида роботлаштирилган жарроҳлик амалиёти амалга оширилиши ҳақида хабар бергандик.

Яқинда ушбу клиникада биринчи шундай амалиёт ўтказилди.

Ўнг буйрак  ўсмаси ташхиси қўйилган беморда ушбу ҳолатни бартараф этиш Тошкент урология маркази жарроҳлик бўлими бошлиғи Зарифхўжа Баҳодирхонов бошчилигида амалга оширилди.

- Жарроҳ мазкур операцияни бевосита эмас, билвосита, ўтирган жойида бошқаради,- дейди  клиника директори ўринбосари Азамат Умиров. - Роботлаштирилган модульнинг афзаллик томонлари шундаки, у юқори аниқликда ишлайди ва амалиёт майдонини бир неча катталаштириб беради. Бу эса ўз навбатида организмнинг кўз билан кўриш қийин бўлган нуқталарини илғаш имконини беради.

Мураккаб жарроҳлик амалиётларида 4-5 нафар жарроҳ иштирок этса, бунда бир жарроҳнинг ўзи ва ёрдамчиси бутун операцияни бошқариши мумкин. 

Ушбу роботлаштирилган модуль тизими хорижда кенг тарқалган бўлиб, асосан онкоурологик, онкогинекологик касалликларда кенг қўлланилади. Робот орқали жарроҳлик амалиётини амалга ошириш учун клиникамизнинг тўрт нафар жарроҳлари кореялик мутахассислар томонидан ўқитилди.

Бундай операция 2 соатдан олти соатгача давом этади. Анъанавий амалиётда ҳам операция шунча вақт давом этиши мумкин. Аммо анъанавий жарроҳликда бемор танасида катта кесма бўлади, қон кетиш асоратлари бўлиб, қорин девори мушакларининг мустаҳкамлиги сусаяди.

Шунингдек, клиникада ушбу янги ускуна ёрдамида гинекология, онкология, обдоминал жарроҳлик бўйича операциялар амалга оширилади.

Ушбу ускуна ҳозирча фақат Тошкент ва Самарқандда,  Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Қозоғистонда бор. Ушбу мураккаб ва қиммат ускунанинг ўрнатилишидан асосий мақсад, мураккаб операцияларга муҳтож беморлар қийналиб, хорижга бормасдан, шу ернинг ўзида сифатли тиббий хизматдан фойдаланишидир.

Клиника бугунги кунда 55 та тиббий хизматларни йўлга қўйган бўлиб, жарроҳлик бўйича гинекологик, урологик, абдоминал жарроҳлик, лор, травматологик, нейрожарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилган. 

Маълумот учун, клиника Туркиянинг Анадолу клиникаси билан ҳамкорликда иш олиб бориб, унда Жанубий Кореянинг "Revo I" роботлаштирилган жарроҳлик комплекси, Германиянинг "Brainlab ner" навигацион тизими асосида жиҳозланган.

Гулруҳ Мўминова,

Бахтиёр Мустанов.