Самарқандда иситиш мавсуми якунланди

Вилоят ҳокими Э.Турдимовинг 2023 йил 16 мартдаги фармойишига асосан вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари ҳамда турар-жой биноларини иситиш даври кеча, 16 мартидан бошлаб якунланган.

Фармойишга кўра, мутасадди ташкилотларга 10 кун муддат ичида “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасига қарашли иситиш қозонлари ва иссиқлик узатиш тармоқларини хатловдан ўтказиш, шунингдек, 20 кун муддатда иссиқлик энергиясини қабул қиладиган кўп қаватли уй-жойлардаги иситиш тармоқларини 2023-20024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш чора-тадбирларини белгилаб, жорий ва мукаммал таъмирлаш ишларини 2023 йил 1 сентябрига қадар якунлаш вазифаси топширилган.

Вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳамда мактабгача таълим бошқармалари раҳбарларига тизимга қарашли ижтимоий соҳа объектларидаги мавжуд қозонлар, қозонхоналар, иссиқлик узатиш тармоқлари ва иситиш печларини 10 кун муддат ичида хатловдан ўтказиб, аниқланган камчиликларни жорий йилнинг 15 августигача бартараф этиш чораларини кўриш топширилган.