Самарқандда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари I туристик ярмаркаси ўтказилди
Самарқанд шаҳрида МДҲ мамлакатлари Туризм кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда биринчи туристик ярмаркаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, МДҲ Ижроия қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳамдўстлик давлатлари туризм соҳаси масъуллари, туристик фирма ва компаниялар вакиллари, туризм йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар экспертлари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи А.Аккулов, МДҲ ижроия қўмитасининг туризм сектори раҳбари Т.Ковалева Туризм кенгаши навбатдаги йиғилишининг Самарқандда ташкил этилиши ва унинг доирасида биринчи туристик ярмарка ўтказилаётгани тарихий аҳамият касб этишини таъкидлади.
Кейинги йилларда жаҳон туристик бозори мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашнинг асосий секторига айланиб, барқарор ўсишни намоён қилмоқда. Буни айни пайтда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 10,4 фоизидан ортиқроғи, савдонинг 7 фоизи ва бандликнинг 10 фоизи туризм соҳаси ҳиссасига тўғри келаётганида ҳам кўриш мумкин. Дунё давлатларининг 38 фоизи учун туризм – даромаднинг асосий манбаи, 83 фоизи учун эса беш асосий даромад манбаларидан бири ҳисобланади.
Туризм соҳасидаги бундай тараққиёт кейинги йилларда МДҲ мамлакатларида ҳам намоён бўлмоқда. МДҲ мамлакатлари туризм кенгаши ушбу давлатларда бу борада тўпланган тажрибани ўрганиш, соҳа ривожи йўлида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро фикр алмашиш учун қулай имконият бўлмоқда. 2018 йилнинг 10-11 август кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан навбатдаги тадбирни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклиф қилинган эди. Шунингдек, мазкур тадбир доирасида МДҲ мамлакатлари Биринчи туризм ярмаркасини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди ва бу иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
– Мазкур формат МДҲга аъзо мамлакатларнинг туристик салоҳияти билан яқиндан танишиш, Ҳамдўстликдаги туризм секторининг муҳим трендлари ва янгиликларини алмашиш, туризм ташкилотлари ва бизнес вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш учун қулай шароит яратади, – дейди Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи А.Аккулов. – Кенгаш йиғилишида ҳамдўстлик давлатлари туризм соҳаси бўйича вазирлик ва компаниялар масъул ходимлари иштирок этиб, ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб олиш кўзда тутилган.
Шундан сўнг, МДҲ мамлакатлари туризм вазирлик ва идоралари расмий делегациялари иштирокида Туризм кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Мажлисда ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама этилиб, келгуси истиқболлари белгилаб олинди. Ҳамдўстлик давлатлари фуқароларининг ушбу мамлакатларга саёҳати учун кенг имкониятлар яратиш ва туристлар оқимини кўпайтириш, бу борада туристик компанияларнинг ҳамкорлигини кенгайтариш бўйича таклифлар билдирилди.
– Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида туризм соҳасидаги яқин ҳамкорлик нафақат давлатлар иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади, шу билан бирга халқлар ўртасидаги дўстлик, маданий алоқаларни янада мустаҳкамлайди, – дейди МДҲ ижроия қўмитасининг туризм сектори раҳбари Т.Ковалева. – Негаки, бу давлатларни тарихан қарор топган дўстлик, яқин қўшничилик алоқалари боғлаб туради. Туризм бу ришталарни яна ҳам кучайтиришга хизмат қилади.
Туризм соҳаси бўйича кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларининг ўзаро мулоқоти ва маҳорат сабоқлари ҳам юксак савияда ташкил этилди. Ректорлар соҳа учун мутахассислар тайёрлашда ҳамкорлик қилиш, биргаликда ўқув дастурлари ишлаб чиқиш ва бу борада замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича ўзаро келишиб олди.
– Бугунги кунда бизнинг мамлакатда ҳам туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Тожикистон давлат педагогика институти проректори Фирдавс Нажмиддинов. – Шундан келиб чиқиб, институтимизда соҳа учун кадрлар тайёрланмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари раҳбарларининг ташаббуси билан мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар кейинги йилларда янги босқичда изчил давом этаётгани туфайли биз ҳам ўтган йилдан бошлаб Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети билан ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Бугунги халқаро тадбирда иштирок этишимиз ҳам ўзаро тажриба алмашишимиз учун қулай имконият бўлди.
Туризм ярмаркаси иштирокчилари эса В2В тарзидаги учрашувлар, сайёҳлик фирма ва компаниялари вакилларининг янги туристик йўналишлар бўйича тақдимотларидан самарали фойдаландилар. Бунинг натижасида кўргазма якунлари бўйича улар ўзаро ҳамкорлик бўйича элликдан ортиқ келишувларни имзолади.
Тадбир доирасида “МДҲ давлатларида туризм ва минтақавий ҳамкорлик: янги чақирувлар ва имкониятлар” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.
Халқаро форум қатнашчилари 10 июль куни Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, туристик объектлар билан яқиндан танишади.