Самарқандда ўтган йили 22 нафар шахс оқланган
Ушбу фуқароларнинг 21 нафарига жиноят ишлари бўйича судларнинг аппеляция, кассация мажлисларида оқлов ҳукми эълон қилинган. Яна бири эса биринчи инстанция судида айбсиз, деб топилган.
Иш 2020 йил май ойида жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган. Бу ҳақда вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими zarnews.uz га маълум қилган.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, судланувчи 1990 йилда Каттақўрғон туманида туғилган Ж.Р. муқаддам 2015 йил 13 февраль куни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жинояти учун 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
2015 йил 3 декабрда Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарорига асосан жазонинг ўталмаган муддатидан озод қилинган.
Таассуфки, 2020 йил 8 февраль куни Жиноят кодексининг маъмурий назорат қоидаларини бузиш тўғрисидаги моддаси билан айбланган.
Иш ҳужжатларига кўра, жиноят ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг 2020 йил 27 мартдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судининг 2018 йил 19 декабрдаги Ж.Р.га нисбатан чиқарилган маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарори бекор қилинган. Иш янгидан бошқа суд таркибида кўриш учун жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2020 йил 8 апрелдаги ажримига мувофиқ, Ж.Р.нинг судланганлик ҳолати тугалланганлиги сабабли Каттақўрғон тумани ИИБнинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги тақдимномаси рад қилиниб, иш юритиш тугатилган.
Шу сабабли, суд иш қўзғатилиб тергов ва суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган ҳамда судланувчи Ж.Р.нинг қилмишида жиноят белгилари таркибига кирувчи элемент–субъект йўқ деб ҳисоблаб, уни айбсиз, деб топишни ва оқлашни лозим топади.
Бундан ташқари, судланувчи Ж.Р.га реабилитация қилиниши муносабати билан ўзига етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини ундириш масаласида фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини тушунтирди.
Суд, шунингдек, судланувчи Ж.Р.га нисбатан дастлабки тергов органи томонидан қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чорасини бекор қилган.