Самарқандда қарздорлардан 4,3 миллиард сўмлик алимент пуллари ундирилди

Кейинги пайтда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг салмоқли қисми алимент ундируви ва моддий таъминлаш билан боғлиқ ижро ҳужжатларига оид бўлмоқда.

Шу сабабли ўзаро келишмовчиликлар туфайли ажрашиб кетган оилаларни яраштириш, уларда соғлом муҳитни қарор топтириш мақсадида бир қатор давлат жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.
Жумладан, барча шаҳар ва туманларда сектор раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари, фуқаролик ишлар бўйича судлар судьялари, имом-хатиблар бошқа масъул идоралар вакиллари билан биргаликда алимент тўловчилар, қарздорлар ва унидирувчилар иштирокида учрашувлар ўтказдик. Нотинч, ажрашиш учун мурожаат қилган ёки ажрашган оилалар, алимент тўловчилар ҳамда уларнинг собиқ турмуш ўртоқлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларни яратиштириш чоралари кўрилмоқда.

Фойдали меҳнат билан банд бўлмаган қарздорларни ишга жойлаштириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказилмоқда.
Учрашувларда аввало Жиноят Кодексининг 122-моддаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 ноябрдаги 808-сонли қарори билан тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу тадбирлар давомида вилоят бўйича 394 оила яраштирилди.

Қидирувда бўлган 18 нафар қарздорлар топилиб уларга нисбатан қидирув эълон қилиш ҳақидаги қарорлар бекор қилинди. Қарздорлардан 4,3 млрд. сўмлик алимент пуллари ундирилиши таъминланди. Алимент тўлашдан икки ойдан ва ундан ортиқ вақт мобайнида бўйин товлаб келган 91 нафар қарздорга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар қўзғатилди. Эътиборлиси, тарғибот тадбирлари натижасида алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари 523 тага камайишига эришилди.

Ғолиб АБДУРАХМОНОВ,
Самарқанд вилояти прокуратураси
бўлим бошлиғи.