Самарқандда “Спарк”да қочган қоидабузар жазоланди

Бугун, 21 апрель куни соат 10:30 ларда Самарқанд шаҳри, Ибн Сино кўчасида ўтказилаётган рейд тадбири давомида фуқаро Н.А. бошқарувида бўлган “Спарк” русумли автомашина тўхтатилиб, ундан карантин даврида автомашинада ҳаракатланиб юриш учун махсус рухсатнома стикери сўралган. Натижада ҳайдовчи автоуловни махсус рухсатномасиз бошқариб юрганлиги аниқлангач, Н.А. ҳужжатларни расмийлаштирмоқчи бўлган ИИБ ва давлат санитария-эпидемиологик осойишталик маркази (ДСЭОМ) ходимининг қонуний талабларини бажармасдан, уларга қаршилик кўрсатиб, автомашинасида номаълум томонга қочган. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Самарқанд шаҳар маъмурий суди томонидан ҳолат кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузар Н.А.га Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 195-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Фуқаронинг карантин қоидаларига риоя этмагани юзасидан Самарқанд шаҳар ДСЭОМ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

О.ПАРДАЕВ,

Самарқанд шаҳар маъмурий суди раиси.