Самарқандда “Темир дафтар”га кирган ҳамда вояга етмаган фарзандлари бўлган 71,6 минг оилага 35,8 миллиард сўм моддий ёрдам тарқатилди

Президентимизнинг 2020 йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Самарқанд вилоятида пандемия даврида инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 35,8 миллиард сўм маблағ "Темир дафтар"га киритилган, 16 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлган 71 660 оилага бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди.

Бу ҳақда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Оқбўтаев Матбуот уйида ўтказилган брифингда маълум қилди.

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан пандемия даврида инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 112 миллиард сўм маблағ коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари билан боғлиқ харажатлар учун сарфланди.

Жумладан:

- вилоятдаги тиббиёт, санитария ва эпедимология хизмати ходимлари ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар учун 3 935 нафар ходимга 17 миллиард 036 миллион сўм;

- 14 кунлик фаолият даври учун белгиланган 5 миллиондан 25 миллион сўмгача бўлган махсус рағбатлантириш тўловлари учун 1 547 нафар ходимга 37 миллиард 408 миллион сўм маблағ тўлаб берилди.

Беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган ходимларга тўланадиган бир марталик тўлов (100 миллион сўм) махсус тўловлар учун 8 нафар ходимга 1 миллиард 136 миллион сўм миқдорида маблағ тўланди.

Лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар (СЭОМ ходимлари учун) 1 301 нафар ходимга 3 миллиард 427 миллион сўм маблағ тўланди.