Самарқандда темурийлар даврига оид қандай экспонатлар сақланмоқда?
Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи таркибида 11 та музей, 3 та тарихий обида ва 2 та кўргазма зали бор. Уларда вилоят бўйича 240 мингга яқин экспонат бўлиб, икки мингдан зиёд ашё темурийлар даврига тегишли.
Жумладан, Самарқанд давлат музей қўриқхонасида Амир Темур мақбарасининг ўрганилиши тарихи ва темурийлар даврига оид экспозиция бўлиб, унда 60 дан ортиқ экспонат намойиш этилмоқда. Музейдаги асосий ашёлардан бири Амир Темур даврида зарб этилган тангалар бўлиб, унда Амир Темур исми ҳамда Соҳибқирон ҳокимиятининг рамзи бўлмиш учта айлана ҳалқа акс эттирилган. Шунингдек, арча дарахтидан ясалган, Амир Темур мақбараси хилхонасидаги қабрда турган икки метрлик тобут ҳам ноёб экспонат ҳисобланади.
Амир Темур зарб қилдирган тангалар ва Соҳибқирон тобути
Темурийлар даврига оид ашёларнинг аксарияти археологик ва нумизматик экспонатлар, - дейди Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи тарих бўлими мудири Тўлқин Бўриев. - Улардан бири Амир Темур зарб қилдирган кумуш тангалар бўлиб, 1991 йилда Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтиқорача довонидан топилган. Ҳозирда 33 та тангадан иборат коллекция музей фондида сақланади. Шунга ўхшаш тангалар Иштихон туманидан ҳам топилган. Тобут эса 1941 йилда Амир Темур мақбарасидаги қабрларни очиш ишларида чиқариб олинган ва қайта дафн этишга яроқсиз бўлгани учун қайтариб жойига қўйилмаган. Тобут ўтган асрнинг 70-йилларида ЎзФА археология институти олими профессор A.Абдураззоқов раҳбарлигида реставрация қилинган ва Самарқанд давлат музей-қўриқхонасига топширилган. 1941 йилнинг 16-24 июнь кунлари ҳукумат экспедицияси томонидан Амир Темур мақбарасидаги қабрлар бирин-кетин очилади. 1941 йилнинг 24 июнида Амир Темур мақбарасидаги қазишмалар якунланиб, қабрлардан чиқариб олинган Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳруҳ, Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг суяклари махсус қутиларга жойланиб, Тошкентга олиб кетилади. 1942 йилнинг охирларига келиб, Амир Темур мақбарасидан қазиб олинган суяклар илмий жиҳатдан ўрганиб бўлингач, қайтадан ўз жойларига дафн этилади. Лекин тобут билан бирга қабрлардан олинган кўпгина нарсалар, газламалар, Мирзо Улуғбекнинг либослари, марҳумларнинг мўмиёланган тана аъзолари, кафанлар, соч-соқоллари қайта ўз жойига қўйилмаган, тобутнинг қопқоғи ва тобут устига ёпилган газлама бўлаги ҳам Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланмоқда.
Амир Темур мақбараси эшикларининг табақаси
Темурийлар даврига оид Амир Темур мақбараси эшикларининг катта ва кичик табақаси ҳам экспозицияда намойиш этилмоқда. Шунга ўхшаган эшикнинг бир табақаси Буюк Британиядаги шаҳзода Альберт музейида, яна бир эшик табақаси Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида сақланади. Маълумотларга кўра, бу эшик орқали Амир Темур мақбарасига шарқий томондан кирилган. Эшик мустаҳкам, чиройли, ўймакорликда ишлатишда қулайлиги бўлган грек ёнғоғидан ясалган. 1996 йилда мазкур эшик мақбарадан олинган ва консервация ҳамда реставрация ишлари учун музей-қўриқхона фондига қабул қилинган.
Меъморчилик безаклари ва қурилишда ишлатилган тошлар
Кейинги ашёлар Амир Темур мақбараси очилиши далолатномалари нусхалари бўлиб, ЎзФА Самарқанд археология институти илмий архивидаги аслидан нусха олинган. Шунингдек, навбатдаги витринада Амир Темур даврига оид меъморчилик безаклари ва шовул тошлар намойиш этилган. Улардан энг асосийлари Самарқанд шаҳридаги Ишратхона биносининг меъморий безаги парчаси бўлиб, ўртасида ҳикматли ёзувлар ёзилган. Намойиш этилаётган майда ва катта тошлар шовуллар вазифасини бажарган. Бўртма безаклар, яъни кундал баъзи бир жойларда олтин билан безатилган.
Темурийлар даврига оид кулолчилик буюмлари ва яктак
Тарихчи Тўлқин Бўриевнинг таъкидлашича, музейдаги кулолчилик буюмлари XIV-ХV асрларга оид бўлиб, Самарқанддан топилган. Ўша даврда чиннига қизиқиш жуда кучли бўлганлиги сабабли, идишларга оқ сир, кўк рангли безаклар бериш орқали Хитойдаги чиннига ўхшатиб ясашга ҳаракат қилинган. Шунингдек, металл буюмлар ҳам XV асрга оид бўлиб, Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони яқинидан топилган. Бундан ташқари, 1960 йилда Немсова бошчилигидаги археологлар гуруҳи томонидан Шоҳи Зинда мажмуасидаги Амир Темурнинг лашкарбошиси Амир Бурундуқ мақбарасидан топилган яктак ҳам ноёб ашё саналади. Яктак (халат) 13-14 ёшида шаҳид бўлган ёш йигитчага тегишли бўлиб, ипак матодан тикилган. Яктак ўтган асрнинг 70-80-йилларида Эрмитаж музейида реставрация қилиниб, Самарқанд музейига топширилган.
Соҳибқирон саройидаги машҳур “Кўк тош”
- Ўтган асрнинг 50-60-йилларида Амир Темур арки аълоси ўрнида олиб борилган археологик қазишма ишлари вақтида топилган бир нечта тош буюмлар сақланиб келинмоқда, - дейди Т.Бўриев. - Улардан бири Соҳибқирон Амир Темурнинг саройида тахтининг остида бўлган машҳур “Кўк тош”дир. Ушбу тахт ости тоши 1960 йилларда мақбара ҳовлисидан кўчириб келтирилган бўлиб, унинг устида бўлган тахтда Амир Темур давлатни идора этган. Темурийлардан кейин ушбу тош Самарқандда Амир Темур саройида сақланган бўлиб, Бухоро хонлари ва амирларининг тахтга ўтириш маросимлари ушбу тош устида амалга оширилган. Айниқса, ушбу удум манғит амирлари ҳукмронлиги даврида авж олган бўлиб, агарда ҳукмдорнинг тахтга ўтириш маросими мазкур тош устида амалга оширилмаган бўлса, у ҳукмдор ўзини тўлақонли амир деб ҳисобламаган. “Кўк тош” Амир Темур давридан ХIХ аср охирларигача Туркистонда ҳукмдорлик, тожу тахт рамзи бўлган.
Ҳадислар тўплами, вақф ҳужжати, қўлёзмалар ва жанговар ноғора
Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек музей-мажмуасида темурийлар даврига оид “ЎзБАТ” раҳбарияти томонидан совға қилинган, Абдуллоҳ Таббадал-Ҳиравийнинг Самарқанд қоғозида ёзилган ҳадислар тўплами китоби ҳам бўлиб, ушбу тўплам мадраса талабалари учун махсус тайёрланган.
Мовароуннаҳрда Амир Темур ва Улуғбек даврида ерларни инъом қилиш тизими йўлга қўйилиб, ер солиғи камайтирилади. Буни ҳозирда сақланиб келинаётган қўлёзма ҳамда “вақф” ҳужжатларида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, мазкур музейда XV асрга тегишли, баландлиги 24 сантиметр бўлган жанговар ноғора, Мирзо Улуғбекнинг XV асрда нашр этилган “Юлдузлар каталоги” ҳам сақланмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев тайёрлади.