Самарқандда топилган қадимий артефактлардаги ёзувлар сири очилди
2 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида олиб борилган қазишмалар чоғида қадимий қабр тошлари топилгани ҳақда хабар берилганди. Топилма тез орада жамоатчилик орасида қизиқишга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти, Самарқанд давлат университети олимлари воқеа жойига бориб, ўрганиш ўтказди ва Маданий мерос агентлиги дастлабки ўрганишлар натижасини эълон қилди.
Самарқандлик таниқли тарихчи олим Комилхон Каттаев мазкур артефактлардаги ёзувлар бўйича қимматли маълумотларни zarnews'га тақдим этди.
Тарихчига кўра, биринчи кўктош Аштархонийлар сулоласининг Имомқулихон ҳукмронлиги (XVII асрга оид) даври ва Самарқандда Ялангтўш Баҳодир ҳокимлиги давридаги сарой аъёнларига тегишли бой-феодал оилага мансуб аёл кишига тегишли қабртошидир.
Тошнинг устида катта нақшли, кўфий услубда (бўрттириб, қавариб чиқариб ёзилган ҳарфларда) ўртада Калимаи шаҳодат, тошнинг уст атрофида "Оят ал-курсий" ояти тўла ёзилган.
Тошнинг олд томонида: "Ҳаза ал-марқад ал-мағфури марҳуми Оқила Биби бинти Сўхий Увайс (ёхуд Абдул Вайс)" ёзуви бор. Тошнинг орқа учида: "Валфит-торихи санати исна ва ситтун ва алф (вафот санаси 1062//1651й)" деб ёзилган.
Иккинчи, кичик нақшли кўктошнинг уст томонида ўртада Калимаи шаҳодат, уст томоннинг тўрт атрофида "Оят ал-курсий" ояти тўлиқ ёзилган.
Кўктошнинг олд учида: "Ҳазаа марқал ал-мунаввар Биби София бинти Равшан" деб битилган. Қабртошнинг орқа учида: "Фит-тоърихи 1061//1650 йил санаси келтирилган.
Хулоса шуки, қабртошларнинг эгалари бўлмиш икки аёл қариндош бўлиб, икки йилда орқама-кетин вафот этишган (она ва қиз бола бўлиши мумкин). Қабртошлар палеографик жиҳатдан, тузилиши, нақшлари ва оятларнинг бир уста томонидан ёзилганлиги шуларни билдиради, дейди Комилхон Каттаев.
Мазкур тошлар топилгач, дастлаб вилоят ўлкашунослик музейига етазилган эди. Бугун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати тошларнинг Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда қабристонига олиб борилганини маълум қилди.