Самарқандда уйнинг эгасига эмас, бошқа одамга пул берган фуқаронинг олди-сотди шартномаси бекор қилинди

Ж.Ходжаев 2009 йилда Б.Бобоновдан 10 миллион сўмга шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирини сотиб олган. Бироқ уйнинг биринчи эгаси Ш.Иноятов Б.Бобоновга берган ишончноманинг муддати ўтиб кетганлиги сабабли битим нотариал тартибда расмийлаштирилмаган.

Ж.Ходжаев ҳозирги кунда шу уйда яшаб келаётган бўлса-да, уй манзили чалкаш. Чунки олдин собиқ Чайковский кўчаси 5-уй, 3-хонадон, деб ёзилган бўлса-да, маҳалла ва гувоҳлар 5-уй, 2-хонадон эканлигини тасдиқлаган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, шаҳарнинг ҳозирги Абдулла Қодирий кўчаси 5-уй, 3-хонадон Жанубий кон бошқармасининг 1993 йил 13 январдаги бўйруғига асосан Ш.Иноятовга тегишли бўлиб, давлат рўйхатига олинган. Ш.Иноятов Б.Бобоновга 1994 йил 9 ноябрдаги нотариал тартибдаги ишончнома билан уйни сотишга ваколат берган. Б.Бобонов Ж.Ходжаевга 2010 йилда уйни 10 миллион сўмга сотганлиги тўғрисида тилхат берган.

Судга қилган мурожаатида Ж.Ходжаев Б.Бобонов билан ўрталарида тузилган оғзаки олди-сотди битимни ҳақиқий, деб топишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2019 йил 7 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган. Ш.Иноятовга нисбатан мулк ҳуқуқи тугатилган.

Ҳал қилув қароридан норози бўлиб учинчи шахс томонидан келтирган шикоятда ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва иш юзасидан даъвони рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариб беришни сўраган.

Биринчи инстанция суди низоли уйга ишончнома берилганлиги, бироқ бугунги кунда жавобгар мазкур бинони нотариал тартибда расмийлаштириш учун жавобгарнинг ишончномасининг муддати ўтганлигини, тилхат уй-жой мулкдори томонидан берилмаганлиги ва имзоланмаганлигига қарамасдан, Ж.Ходжаев олди-сотди битимни ҳақиқий, деб топиб нотўғри хулосага келган. Ваҳоланки, битим уй-жой мулкдори билан тузилмаган.

Биринчи инстанция суди, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини тўлиқ ўрганмасдан, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқламасдан, асоссиз тўхтамга келган. Бундай ҳолда ҳал қилув қарорини қонуний ва асосли, деб ҳисоблаб бўлмайди.

Фуқаролик процессуал кодексининг 375-моддаси, 1-қисми 1-4-бандига кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқлаган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, суднинг ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги, моддий ҳуқуқ нормалари ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги суд ҳужжатини кассация тартибида бекор қилишга асос бўлади.

Кассация инстанция суди, юқорида қайд этилган қонун талаблари ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни лозим топган.

Ф.ҚАРШИЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси.