Самарқандда Верона Евроосиё иқтисодий форуми
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм марказида XVI Верона Евросиё иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда.
Форум Италиянинг “Евроосиёни англаймиз” нотижорат уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири ўринбосари Ж.Ходжаев ва Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари А.Оверчук икки давлат Президентларининг форум иштирокчиларига йўллаган табрик сўзларини ўқиб эшиттирди.
Мутахассислар Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий алоқаларини ривожлантиришдаги ўрни, Савдо-инвестиция ва технологик ҳамкорликнинг янги механизмлари, замонавий шароитда хошашё ва энергия бозорини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида чиқиш қилди. Шунингдек, логистика ва транспорт йўналишларини қайта қуриш, молиявий ва банк хизматлари бозорлари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экологик қишлоқ хўжалиги имкониятлари, Евроосиё учун муаммо ва имкониятлар, катта Евроосиё маконида саноат ва технологик ҳамкорлик истиқболлари борасида маърузалар қилди. Мамлакатимиз вакиллари ҳам энергетика бозорини ривожлантириш, халқаро бозорларга чиқишда янги йўналишлар очиш, экспорт ва логистика тармоғини кенгайтириш, транспорт ва темирйўлларни манфаатли ташкил этиш борасида фикрларини билдирди.
- Яқинда Хитой билан Қозоғистон давлатлари ўртасида ишлаб келаётган йўлакка муқобил равишда янги йўлак очилди, - дейди Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев. - Кейинги икки йилда бу йўлак орқали автотранспортда юк ташиш бошланиб, бир йилда аввалгига қараганда юк ташиш ҳажми 10 баробарга ошди. Биз учун иккинчи долзарб йўлак, бу – трансафғон йўлаги ҳисобланади. Бир неча кун олдин Тошкентда Покистон, Афғонистон, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларининг транспорт вазирлари учрашувида Покистон ва Афғонистон вакиллари ҳам бу йўлакни имкон қадар тезроқ ишга тушириш таклифини билдиришди. Бу йўлак Жанубий ва Ўрта Осиё боғлайдиган асосий ва фойдали бўлишини таъкидлашди. Бу борада бир қанча ишлар амалга оширилди, қаерларда ер ости, ер усти кўприклари қуриш кераклиги ўрганилди. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, бу лойиҳанинг қиймати 7 миллиард долларга баҳоланган. Лойиҳа 2024 йилда бошланганда ҳам 5 йил вақт керак бўлади. Лекин бу вақтгача қараб турмасдан шу йўналишда юк ташиш бошланди ва 9 ойда 670 минг тонна юк ташилди. Йил якунигача эса юк ташиш ҳажми 1 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Яқин йилларда темирйўл ва унга муқобил равишда автомобиль йўллари қурилгандан сўнг, яъни 2030-2035 йилларга келиб ушбу йўлакнинг салоҳияти 20-30 миллион тонна юкни ташкил қилади. Бу йўлакнинг аҳамияти юқорилиги учун Покистон ва Афғонистон билан биргаликда Қатар давлати билан ҳам музокаралар ўтказдик, улар ҳам ушбу лойиҳага сармоя киритишга тайёр эканликларини билдиришди. Қолаверса, Россия ва Қозоғистонда ҳам қизиқиш ортиб бормоқда.
Италиялик, умуман, Европа мамлакатлари ўрта йўлак, транскаспийга кўпроқ урғу беришяпти. Ўтган ҳафта Брюсселда ўтказилган учрашувда ҳам ҳамкорларимиз шу мавзуни кўтариб, Грузиядан Болгарияга ёки Руминияга чиқиш йўлакларини очиш, денгиз остидан оптик толали тармоқ ўтказиш лойиҳаларини айтишди. Лекин, Каспий денгизининг сув сатҳи кейинги 20 йилда 9 метрга пасайди. Бу эса лойиҳани амалга оширишни мураккаблаштиради, қўшимча маблағ талаб этади. Ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳозирда транскаспийни сақлаб қолиш, келажакда қўшимча салоҳият яратиш учун 18 миллиард доллар маблағ зарур.
Италияга, асосан, автомобиль ва ҳаво йўллари орқали ташувлар амалга оширилади. Кейинги йилларда биздан ташилувчи юк ҳажмлари кўпаймоқда, автотранспорт воситалари кейинги икки йилда 2 баробар, яъни 10 мингтадан 20 мингтага етди. Шу боис, бугунги форумга ташувчилар учун қўшимча квота ажратиш масаласини ҳам киритдик.
- Шартнома имзоланди, Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш аллақачон бошланди, - дейди сиёсий фанлар доктори Константин Симонов. - Бу энергетика соҳасида янада яқинроқ муносабатларга олиб келадиган биринчи қадам. Ишончим комилки, бу ҳар икки томон учун жуда кўп қизиқарли ва фойдали тараққиёт сари йўл бўлади. Келажакда Ўзбекистон орқали Хитойга газ етказиб бериш режалаштирилган.
Ҳамкорликда яқин қўшниларимизга таянамиз. Бу ҳаракатнинг бир қисми ҳамкорлик қиладиган мамлакат учун ҳам хизмат қилади ва манфаатли бўлади. Бугунги форумда ҳамкорликни кенгайтириш, янги истиқболдаги режаларни муҳокама қиляпмиз. Ўйлайманки, бу ўз самарасини беради.
Умуман олганда, саноат мажмуаси чекловларига нисбатан нейтрал муносабатни таъкидлашим керак. Биз Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида агросаноат мажмуасининг ривожланишига маълум даражада тўсқинлик қиладиган бундай кескин чекловларни сезмаймиз. Бироқ, шу билан бирга, Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларидаги бизнес бозорга маҳсулот етказиб бермаётган айрим компаниялар саъй-ҳаракати билан бўшлиқларни тўлдириши эътиборга молик.
Албатта, комиссиямизнинг хабари ҳар доим бозорнинг рақобатбардошлигига асосланган бўлиши керак, яъни у бизнесни вақтинчалик чекловларга асосламайди. Хоҳ у корм ишлаб чиқариш, бошқа товарлар ишлаб чиқариш каби кўплаб йўналишлар бўлсин, хусусан, моддий таъминот йўналиши бўйича бугунги кунда мамлакатлар ушбу йўналишда фаол иш олиб бораётгани сезилади. Бундан ташқари, бизнинг платформамизда саноат товарларини имтиёзли молиялаштиришга қарор қилинди. Бу Евроосиё иқтисодий иттифоқининг уч ёки ундан ортиқ давлатларидан учта ёки ундан ортиқ хусусий сектор иштирокчилари ўртасида хоҳиш бўлса, бундай имконият яратилади, дегани. Қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини синовдан ўтказиш учун имтиёзли молиялаштириш имконияти бўлади.
Форумда Флоренция ва Самарқанднинг керамика кўргазмаси, кулолчилик маҳсулотлари намойиш этилди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).
.