Самарқандда вилоят "электросеть" мутасаддилари ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган
Бу ҳолат жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг очиқ суд мажлисида муҳокама қилинди.
Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, жорий йилнинг 21 октябрь куни Самарқанд шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ёнғин хавфсизлиги бўйича текшириш ўтказилган.
Текшириш давомида "Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖнинг умумий масалалар бўйича директори ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаганлиги аниқланган.
Шунингдек, бинода қоидаларга зид тарзда пайвандлаш, кесиш электр пайвандлаш ва бошқа электр қурилмаларидан фойдаланиб келинаётган бўлган.
Текширувчилар вилоят электр тармоқлари корхонасида ҳимояланиш хусусиятини йўқотган электр кабели ва симлардан, шикастланган электр розеткалар, рубилниклар, электр симлари қутиларидан ва бошқа электр қурилмаларидан фойдаланилаётганига гувоҳ бўлишган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган мутасаддилардан бири у ушбу ҳолатларга эътибор бермаганлигини, бу камчиликлар текшириш вақтидаёқ бартараф қилинганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини билдириб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришликни сўраган.
Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузарлардан бири - корхонанинг умумий масалалар бўйича директори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва МЖтКнинг 21-моддасига асосан маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантирилган.
Қолган уч нафар ҳуқуқбузарга (хўжалик хизмати бўлим бошлиғи, техник) эса базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида, яъни 135 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тойлоқ “электросеть”идаги ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилгани учун корхона омбор мудирига жарима жазоси тайинлангани эълон қилинганди.