Самарқандда яна бир “Гўри Амир” бор, биласизми?
Унинг номи Оқсарой. Шундоққина Амир Темур мақбараси ортида. Тарихий бино, лекин ҳали кўпчилик билмайди. Ўзим ҳам илк бора яқинда, Намангандан келган меҳмонларимни олиб борганда кирдим.
Мақбара унча-бунча кичик одам ё одамлар учун қурилмаган. Камида Амир Темурнинг ўғилларидан бири ё унинг қаторида турадиган улуғ одам, балки бирор улуғ саркарда учун қурилган бўлиши керак. Чунки, унинг тузилиши Амир Темур мақбарасига ўхшаш, яъни, биринчи қаватда зиёратхона, асосий қабрлар эса пастда, ертўлада. У ерга ҳам худди Амир Темур мақарасидагидек, айланма зиналардан тушилади. Бу ерда ҳам кейинчалик пастга тушиш учун зинали йўлак қилинган. Пастдаги ҳарорат доимо мўътадил ва ҳарорат 45 даражадан юқори бўлган кунларда ҳам пастга тушган кишининг салқин ҳаводан эти жўнжикади.
─ Бу мақбара йиллар давомида вайрона бўлиб ётди, - дейди археолог олим Амриддин Бердимуродов. – Кейинги йилларда таъмирланиб, тарихий кўриниши сақлаб қолинди. Афсуски, мақбара, унинг меъмори, энг муҳими, бу ерда кимлар дафн этилгани ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмасмиз. Аммо бу мақбара оддий одамлар учун қурилмагани аниқ, чунки бутун салобатидан улуғлик ёғилиб турган бундай мақбарага жуда машҳур зотлар қўйилиши аниқ.
Археологик қазишмалар чоғида бу ердаги қабрлардан биридан бошсиз жасад топилиши мақбара Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдуллатифга тегишли, деган тахминга боришга ҳам сабаб бўлди, аммо мақбаранинг қурилган йиллари ва тарихий воқеалар ўртасидаги номутаносиблик бу тахминни йўққа чиқаради. Мақбаранинг ертўла қисмида бир неча қабрлар бўлиб, улардаги жасадлар яхши сақланмагани боис иккита рамзий қабрни тиклаб қўйдик. Мақбара деворлари ва гумбазига ишлатилган нақшларни ҳам тиклашнинг имкони бўлмади, бу нақшлар ўта ноёб ва нафис усулда ишланган. Зиёратчи ва сайёҳлар буни ҳис қилишлари учун мақбара деворининг бир қисмида асл нақшлардан намуна қолдирдик ва мақбарани ўзимизнинг усталар Самарқанд меъморчилик анъаналари асосида бутунлай янгидан безашди.
Тарихчи олимнинг айтишича, Оқсарой мақбараси ва бу ерга дафн қилинган зотлар тарихини ўрганиш юзасидан фаол илмий изланишлар олиб борилаяпти экан.
Биз ана шу маълумотлар тезроқ топилиши ва маълум қилинишини истаймиз. Зеро, Самарқандга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар, айниқса, зиёрат туризми билан шаҳримизга келаётган зиёратчилар учун яна бир зиёрат маскани қўшилса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Каримберди Тўрамурод.