Самарқанддаги 42 та корхона томонидан 8700 тоннадан зиёд товар экспорт қилинди
Ўзбекистон Республикасида карантин чора-тадбирлари бошланган 2020 йил 15 март кунидан буён шу кунга қадар божхона соҳасида тадбиркорлик субъектлари ва аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ҳукуматимиз томонидан товарлар экспорти йўналишида ҳам тадбиркорлик субъектларига бир қатор қулайликлар яратилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тадбиркорлик субъектларига:
- ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан, товарлар экспортини амалга оширишга;
- 2020 йил давомида ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлигини сўндириш эвазига технологик асбоб-ускуналар ва хом ашё товарларини импорт қилиш бўйича бир марталик операцияларни амалга оширишга рухсат берилди.
Тадбиркорлик субъектларига яратилган мазкур қулайликлар асосида Самарқанд вилоятида рўйхатга олинган, муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган 42 та корхоналар томонидан жами 8 704,79 тонна, қиймати 6 миллион 484,25 минг АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорти амалга оширилди.
Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлар ва жисмоний шахсларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят божхона бошқармасида (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.