Самарқанддаги даволаш ва тақсимлаш маркази яна иш бошлади

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни марказлашган ҳолда даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги спорт мажмуасида ўтган йил август ойида ташкил этилган ва касалланиш кўрсаткичлари камайиши билан ёпилган 1000 ўринли даволаш ва тақсимлаш маркази яна иш бошлади.

  – Шу пайтгача COVID-19 инфекцияси аниқланган беморлар Самарқанд шаҳридаги 340 ўринли иккита махсус шифохонада даволанаётган эди, – дейди даволаш ва тақсимлаш маркази раҳбари, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. – Аммо бугунги кунда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли марказни қайта очишга тўғри келди. Бу ерда вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келтирилаётган беморларни даволаш учун барча зарур тиббий жиҳозлар мавжуд, дори воситалари захираси яратилган. Ҳозирда 100 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари марказда ишлашга жалб қилинган.

Кўп таъкидланаётганидек, касаллик белгилари ва асоратлари бир хил эмас, ўзгариб турибди. Айни пайтда коронавирус юқтирган беморларда асосан, ҳолсизлик, бўғимлар оғриғи, диарея кузатилмоқда. Ўтган йил беморларда дастлабки босқичда ўпкада зарарланиш кузатилган бўлса, ҳозир касалликнинг беш-олтинчи кунидан бу хавф юзага келяпти. Шу сабабли аҳолидан карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари ҳамда касалликка қарши эмлаш жараёнларида фаол иштирок этишларини сўраймиз. Саломатлигимизни асраш ўзимизга боғлиқ – тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилсак касаллик биздан йироқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда вилоятда 18 ёшдан ошган аҳолини оммавий эмлаш тадбирлари олиб борилмоқда.