Самарқанддаги қурилишлар ЮНЕСКО мутахассислари билан маслаҳатлашиб, амалга оширилмоқда. Бунинг сабаблари бор
2022 йилда Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши режалаштирилган. Қарийб икки йилдан буён бу нуфузли тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шу мақсадда шаҳарда 9 йўналишда бунёдкорлик, ободонлаштириш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини реконструкция ва модернизациялаш ишлари олиб борилмоқда.
- Саммитга тайёргарлик доирасида Самарқанд шаҳрида бир қатор янги объектлар қуриш, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб бориш режалаштирилган, - дейди вилоят қурилиш бош бошқармаси мутахассиси Парвиз Содиқов. – Қадимий шаҳардаги маданий мерос объектлари, тарихий ёдгорликлар кўп бўлганлиги сабабли бунёдкорлик ишлари ЮНЕСКО мутахассислари билан маслаҳатлашилган ҳолда амалга оширилмоқда. Шунингдек, шаҳарнинг бош режасига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
Жумладан, Самарқанд шаҳри ва туманини бир-бири билан боғлайдиган Уста Умар Жўрақулов кўчаси реконструкция қилинмоқда. Яқинларгача кўчанинг тор ва ўйдим-чуқурлиги нафақат машиналар, балки пиёдаларнинг юришига ҳам ноқулайлик туғдирарди. «Ark-Dizayn» архитектура лойиҳалаш маркази томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага кўра кўчанинг Самарқанд тумани ҳудудидаги қисми кенглиги 42 метрга етказилди. Асосий автомобиль йўлидан ташқари қўшимча йўл, пиёдалар ва велойўлаклари барпо этилди. Кўчанинг Шоҳи Зинда мажмуаси ва Садриддин Айний кўчалари кесишмасигача бўлган қисмининг эни 24 метрга етди. Бутун кўча бўйлаб тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб, манзарали дарахтлар экилмоқда, яшил майдонлар яратилмоқда.
Самарқанд туристик маркази билан Уста Умар Жўрақулов кўчасини боғлаш учун М-39 автомагистралида кўприк, яъни йўл ўтказгичнинг қурилиши ҳам жадал давом этмоқда. Шунингдек, ҳудуддаги Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бино ва иншоотлари қурилишининг 2-босқичи, «Чўпонота» сув иншоотидан Улуғбек расадхонасигача бўлган сув тармоқларини реконструкция қилиш ишларида юзлаб ишчи-мутахассислар меҳнат қилмоқда.
Мазкур кўча бўйида жойлашган объектлар миллий услубда қайта қурилиб, таъмирланмоқда. Айни вақтда «Newtech Samarkand» МЧЖ ишчилари алоқа ва электр тармоқлари ўтказиш учун қувурлар ётқизаётган бўлса, «Баҳор гуллари» МЧЖ томонидан яшил майдонлар яратилиб, йўловчилар учун йўлаклар ташкил этилмоқда.
- Ишчиларимиз томонидан ҳозиргача кўчанинг икки томонига минг метрдан зиёд турли ўлчамдаги қувурлар ётқизилди, - дейди «Newtech Samarkand» МЧЖ иш бошқарувчиси Камрон Норов. – Улар ёрдамида светофор, телефон ва бошқа алоқа тармоқларини тортиш имконияти пайдо бўлди. Йил якунигача яна 400 метр қувур ўрнатамиз.
Шунингдек, кўча бўйлаб ўндан зиёд автобус бекатлари, ошхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бироқ кўчанинг шаҳар қисмида 150 та, кўчанинг туман қисмида эса 255 та нотурар ва турар жой объектлари бўлиб, уларнинг ярмида аҳоли томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ибн Сино, Бўстонсарой кўчалари ҳамда Университет хиёбони бўйлаб қарийб 8 километр масофада 200 га яқин бино ва иншоотлар таъмирланиши кўзда тутилган. Шунингдек, йил якунигача Самарқанд давлат тиббиёт институтининг ўқув биноси, Россия давлат жисмоний тарбия, ёшлар, спорт ва туризм университетининг Самарқанд филиали ётоқхонаси ҳам талабалар ихтиёрига топширилади. Мазкур йўналишнинг Бўстонсарой кўчасида йўлни кенгайтириш ишлари Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бузилган хонадон эгаларига компенсация берилиб, уй-жой билан таъминланмоқда. Шу вақтгача ушбу йўналишда 35 фоиз қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, мазкур йўналишнинг Бўстонсарой ва Рудакий кўчаларининг кесишмасидаги туннель ҳамда Самарқанд халқаро аэропорти қурилиши ҳам жадал олиб борилмоқда. Мазкур объектлар 2021 йилнинг охирида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Афросиёб кўчаси ва М-37 автомагистралидан Самарқанд эшкак эшиш каналигача бўлган йўналишда 250 та нотурар ва турар жой объектлари ҳам таъмирланмоқда. Ҳозиргача Афросиёб кўчасидаги 62 та бино ва иншоотлар фойдаланишга қабул қилинган. М-37 халқаро автомобиль йўлида асфальт қопламалари ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.
Шаҳарнинг 5 километр узунликдаги Беруний ва Мирзо Улуғбек кўчаларида ҳам ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги 64 та нотурар ва 56 та турар жой объектлари таъмирланиб, йўл четидаги ариқ ва лотоклар тартибга келтириляпти, яшил майдончалар яратилмоқда. Шунингдек, Самарқанд ветеринария медицинаси институти бош ўқув биноси ва 375 ўринли ётоқхонаси, вилоят кардиология марказининг жарроҳлик бўлими, Сиёбча коллекторининг Мирзо Улуғбек кўчаси билан кесишган қисмини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.
Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофида ҳам бугун қурилиш-ободонлаштириш ишларига киришилган. Мажмуага бориш учун Самарқанд шаҳрининг Даҳбед ва Мотрид кўчаларида 6,5 километр, Оқдарё ва Пайариқ туманлари ҳудудидан эса 16,5 километрни босиб ўтиш керак. Айни вақтда ушбу масофада жойлашган 330 дан зиёд нотурар ва турар жой объектлари таъмирланмоқда. Мотрид кўчаси бўйича «ТошбошпланЛИТИ» ДУК томонидан тақдим этилган лойиҳаларга кўчанинг кенглиги тўғри келмаганлиги сабабли бу ерда таъмирлаш ишлари олиб борилмайдиган бўлди.
Ушбу йирик анжуман олдидан «Самарқанд шаҳрида 2019-2022 йилларда амалга ошириладиган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ Самарқанд шаҳридаги қолган кўча ва маҳаллаларда ҳам навбати билан ичимлик суви, электр энергияси, канализация ҳамда алоқа тармоқларини янгилаш, реконструкция қилиш, ер ости ўтиш йўли ва кўприклар қуриш, таъмирлаш кўзда тутилган.
Дилмурод Тўхтаев,
Ҳусан Элтоев (фото).