Самарқанддаги светофорлар қачон мутаносиб ишлайди?
Чорраҳаларда ўрнатилган светофорлар машиналарнинг ҳаракатланиш оқимига мутаносиб ҳолда ишлайдиган қилиб ўрнатилмаса, йўлларда тирбандликлар кўпаяди. Агар мутаносиб ҳолда ишласа, бироз бўлса ҳам тирбандликларни камайишига сабаб бўлади.
Самарқанд шаҳри ва вилоятидаги аксарият светофорлар кўчада ҳаракатланаётган машиналарнинг ҳаракатланиш оқимига мутаносиб ҳолда ишлайдиган қилиб ўрнатилмаган. Бу эса ўша светофорлар ўрнатилган чорраҳаларда, машиналарнинг туриб қолишига ва кўчаларда тирбандликлар юз беришига сабаб бўлаяпти. Масалан, Самарқанд шаҳридаги Панжикент кўчасида Регистондан Тошкент-Термиз йўлига чиқишгача бир нечта светофор бўлиб, уларнинг 1-2 таси фақат пиёдалар учун ўрнатилган. Қолганларида катта-кичик чорраҳалар бор. Бу чорраҳаларда Панжикент кўчаси асосий йўл ва бу кўча жуда серқатнов ҳисобланади.
Чорраҳалардаги иккинчи даражали йўллар асосан маҳаллаларга кирадиган тор кўчалардир. Светофорларнинг аксарияти жуда серқатнов бўлган Панжикент кўчасида ҳам, маҳаллага кирадиган тор кўчада ҳам яшил ва қизил чироқ бир хил, 20 секунддан ёнадиган қилиб қўйилган. Бунинг оқибатида асосий йўл бўлмиш Панжикент кўчасида доим тирбандликлар юзага келяпти. Маҳалладан чиқадиган кўчаларда 20 секунд яшил ва 20 секунд қизил ёнгани билан, у кичик кўчаларда машиналар қатнови йўқ ҳисоби. Ана шу ҳолатда асосий йўлдаги светофорни 30 секунд яшил, 15 секунд қизил ёнадиган қилиб, нариги, маҳаллага кириб-чиқадиган тор кўча тарафдаги светофорни 15 секунд яшил, 30 секунд қизил ёнадиган қилинса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Самарқанд-Тойлоқ-Ургут йўналиши бўйлаб ўз ҳаракатимизни давом эттирамиз. Тойлоқ шаҳарчасига киришда, Самарқанд-Айний халқаро йўлида ўрнатилган светофорда ҳам аҳвол шу, ҳар икки тарафга тенг ёнади. Бу жойда чорраҳа ҳам йўқ. Асосий йўлдан фақат бир тарафга битта йўл киради, холос.
Тойлоқ шаҳарчасидан чиқиш жойида ҳам худди шундай асосий йўл билан фақат бир томонлама кесишадиган йўл бор. У ерда ўрнатилган светофор ҳам тенг ёнади. Бунинг натижасида асосий йўл ҳисобланмиш Самарқанд-Айний йўлида машиналар тирбанд бўлиб, ҳайдовчилар ошиқча туриб қолаяпти.
Ургут шаҳрига киргандан сўнг биринчи светофор туман тиббиёт бирлашмаси олдида ўрнатилган. Бу ерда кичик чорраҳача бор. Светофордан бир тарафга кирилса, туман тиббиёт бирлашмасига борилади. Иккинчи тарафга эса Ургут шаҳридаги маҳаллалардан бирига кирилади. Ана шу жойда гарчи ҳар икки тарафда автомашиналар ҳаракатланиш оқими тенг бўлмаса ҳам светофорнинг яшил ва қизил чироқлари ҳар икки тарафга тенг ёнадиган қилиб ўрнатилган. Бунинг натижасида эса Ургут шаҳрининг асосий шоҳ кўчасида тирбандлик юзага келаяпти. Унга ёндош кичик кўчаларда эса ҳаракатланиш оқими унча катта эмас ва 1-2 та машина чиқиб келади, холос. Шу сабабли ҳам Тойлоқ ва Ургут шаҳридаги светофорларни асосий йўлни 30 секунд, иккинчи даражали йўлни эса 15 секунд яшил ёнадиган қилиб қўйилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Ургут шаҳридаги яна бир светофор ИИБ биноси олдида ўрнатилган. Бу ерда ҳам кичик чорраҳа бор. Асосий йўлдан чапга ИИБ ҳовлиси ва автотураргоҳига, ўнг тарафга эса Ургут эркин иқтисодий зонасига кирилади. Табиийки, асосий йўлда қизил чироқ ёниқ турганда ИИБ автотураргоҳи томонидан ҳам, эркин иқтисодий зонага кирадиган кўчада ҳам ошиқча машина бўлмайди. Шу сабабли бу светофорни ҳам асосий йўлда 30 секунд, иккинчи даражали йўлда 15 секунд ёнадиган қилиб ўзгартириш керак.
Шу ўринда ЙПХ ходимлари бир масалада эътироз билдиришлари мумкин. Светофорлар нафақат машиналар ҳаракатланиш оқимини, балки пиёдаларнинг ҳаракатланишини ҳам тартибга солади. Шу туфайли улар "светофорлар ўрнатилиб, созлаб қўйилаётган пайтда чорраҳадаги пиёдалар йўлакчасидан ҳаракатланишни бошлаган пиёданинг нариги тарафга ўтиб олиши ҳам инобатга олинади", дейишлари мумкин. Айнан тадқиқотимда буни ҳам инобатга олганман. Юқорида энг биринчи ёзилган Самарқанд шаҳридаги Панжикент кўчаси анча тор ва бу йўлнинг асосий қисми иккита полосадан иборат. Шу туфайли ҳам ушбу кўчани кесиб ўтаётган пиёда уни 15 секундда бемалол кесиб ўта олади. Бу муаммо нафақат Самарқанд шаҳри ва вилоятида, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ўрнатилган светофорларга хос муаммодир. Ишонаман, ИИВ, ЙҲХББ, унинг турли вилоятлардаги бошқармалари, жумладан, Самарқанд вилоят ИИБ, ЙҲХБ ушбу муаммога етарлича эътибор беради.
Ғайрат Йўлдош.