Самарқандга олти ойда қанча сайёҳ келди, йил охиригача туризм соҳада қандай ишлар амалга оширилади?

Вилоятда 19 минг 730 ўринли 740 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 12067 ўринли 184 та меҳмонхона, 3775 ўринли 421 та оилавий меҳмон уйи, 3888 ўринли 135 та хостел фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, 430 та туркомпания, 680 нафар гид-таржимон, 144 та туристик синфга мансуб автобус ва 150 та микроавтобус сайёҳлар хизматида.
Вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Суюновнинг маълум қилишича, вилоятга январ-июнь ойларида 1,5 миллион нафар хорижий, 3 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хорижий 326,1 минг нафар ўсиш 146 фоизни, маҳаллий 525,7 минг нафар ўсиш 182 фоизни ташкил этган.
Йил охиригача вилоятга 3 миллион нафар хорижий ва 5 миллион нафар маҳаллий сайёҳ жалб этилиб, туризм хизматлари экспортини 550 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, қиймати 2 триллион 63 миллиард 290 миллион сўмлик 30 та лойиҳа, жумладан, 10 та меҳмонхона, 15 та овқатланиш ва дам олиш масканлари, 3 та савдо ва кўнгилочар маркази, 2 та санаторий ва соғломлаштириш маркази лойиҳалари ишга туширилади.
Самарқанд халқаро аэропорти йилига 8,6 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиб, 2024 йилда 1 миллион 171 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатди. Ҳозирда 1 кунда ўртача 20 та рейс амалга оширилмоқда. Йил охирига қадар 1,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш ва яна 10 та янги халқаро авиайўналишларни очиш режалаштирилган.
Август ойида илк бор халқаро “Самарқанд оши” фестивали, сентябрь ойида Ургут туманида бир ҳафта давомида халқаро параплан ва ноябрь ойида от фестивали, Паст Дарғом туманида эса “Дриф шоу” ўтказилади. Вилоятнинг туризм салоҳияти, хусусан, этно ва тоғ туризми, исломий меъморчилиги ҳамда гастрономик туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида 40 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг дунёга машҳур ОАВ вакиллари учун Самарқанд бўйлаб инфо-турлар ташкил этиш белгиланган.
20 дан ортиқ хорижий мамлакатларда ташкил этилиши режалаштирилган халқаро туризм кўргазма-ярмаркаларида вилоятнинг туристик тақдимоти ўтказилиши, вилоятдаги туризм салоҳияти юқори бўлган 14 та қишлоқ ва маҳаллага “туризм қишлоғи” мақомини бериш кўзда тутилган. Ургут, Жомбой, Қўшработ туманларида янги экотуризм йўналишлари туризм маршрутларига киритилади.
Октябрь-ноябрь ойларида илк бор Париждан бошқа шаҳарда, яъни Самарқандда ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси ўтказилади. Унда 198 давлат вакиллари, соҳа мутахассислари қатнашади. Ҳозирда ушбу саммитга тайёргарлик кўриш ишлари доирасида хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари, жумладан, гид-таржимонлар, экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар малакаси оширилмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев.