"Самарқандим – жону дилим"

Яқинда ҳамкасбимиз "Самарқандим – жону дилим" китобини ёзиб тугатди. Унда мустақиллик йилларида вилоятимизда рўй берган ўзгаришлар моҳияти очиб берилган. Шунингдек, муаллиф телерадио журналистларимизнинг машаққатли меҳнати жараёнлари хусусида сўз юритади.

Касб байрамимиз арафасида ушбу китобдан парча эълон қиляпмиз.

НЕМИС ТЕХНИКАСИ ШАРОФАТИ

2003 йилда Самарқанд вилоят телевидениеси "Simens" янги ускуналари билан жиҳозлаш дастурига киритилди. Дастурни амалга оширадиган "BFE Studio und Meditn Systeme GmH" қароргоҳи ва ишлаб чиқариш корхонаси Германиянинг Майнц шаҳрида жойлашган. Лойиҳа доирасида республика телевидение тизимидан 6 киши Майнц шаҳрида бўлдик. Қашқадарё, Наманган ва Самарқанд вилоят телерадиокомпаниялари учун мўлжалланган телестудия ускуналарининг тайёрлангани ва уларни ишлатиш жараёнлари билан танишдик. Биз учун азалий орзу бўлган студия жиҳозларининг тахтлигини, иш сифатини кўриб, яқин кунларда Ўзбекистонга олиб борилишини эшитиб, бениҳоя қувондик. Юртга қайтишимиздан икки кун аввал немислар бизларни Рейн дарёси бўйлаб саёҳатга таклиф қилишди. Рейн дарёси оқими бўйлаб бир кунлик сафаримиздан лавҳалар суратга олдик. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини тасвирга туширдик. "BFE" корхонаси иш жараёнларидан, шунингдек, Самарқанд телевидениеси учун ҳозирланган ускуналар тайёр ҳолга келтирилганлиги, афзаллиги ва қулайликларини ифодаловчи интервьюлар уюштирдик. Шундай қилиб, янги камерада илк кўрсатув Майнцдан тайёрланди.

Ўзбекистонга келгач, янги тизимдаги лентадаги тасвирларни Ўзбекистон телевидениесида "DVC PRO" русумига ўтказиб, эфирга қўйдик. Вилоят телевидениеси катта янгиланишлар олдида турганлигидан хабар берувчи бу кўрсатув "Самарқанд вилоят телевидениеси учун махсус Майнц шаҳридан тайёрланди", деган сўзлар билан якунланган эди.

Вилоят телерадиокомпанияси биноси собиқ қурилиш ташкилотининг биносига жойлашган бўлиб, қониқарли ҳолатда эмасди. Бинони янги аппаратуралар ўрнатилишига мослаштириш бирмунча катта маблағ ва ишчи кучини талаб қилар эди. Бу муаммо вилоят ҳокимининг бевосита кўмаги туфайли қисқа муддатда ҳал этилди.

Германиялик мутахассислар келиб, қарийб бир ой деганда телеускуналарни жой-жойига қўйишди. Шу тариқа Самарқанд вилоят телевидениеси ҳали унча-мунча давлатлар телевидениелари эга бўлмаган янги, энг замонавий, умумий қиймати 2 миллиард сўмлик (2003 йил ҳолатида бу катта сумма) ускуналарга эга бўлди.

"ОЙНА" БИЛАН ҲАМКОРЛИК

2003 йил ноябрь ойида Афғонистонга сафаримиз Жузжон вилоятининг "Ойна" телевидениеси билан ҳамкорлик ўрнатиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил қилинган эди. Вилоят телерадиокомпаниясининг тўрт кишилик гуруҳини Амударёдан ўтгач, Хайратон чегара постида Мозори Шарифдан ташриф буюрган мезбонлар кутиб олишди. Дастлаб биз Афғонистоннинг ўтиш давридаги Муваққат ҳукумати раҳбари Ҳамид Карзайнинг Шимолий Афғонистон бўйича ноиби, Афғонистон Миллий Исломий ҳаракати партияси етакчиси, мамлакат мудофаа вазири ўринбосари Абдурашид Дўстумнинг Мозори Шарифдаги қароргоҳига бордик. Бу ерда бироз муддат тургач, шерикларимиз бизни Шибирғон шаҳрига бошлашди.

Шибирғонда "Ойна" телевидениесига ташриф буюрдик. Шарт-шароитлар билан танишдик. Кўп ўтмай афғонистонлик ҳамкасбларимиз "Қўмондони соҳиб келди", дейишди. "Қўмондони соҳиб", деб улар Абдурашид Дўстумни айтишар экан. Шундан сўнг Дўстумнинг ўзи телевидение биносини, хоналарини, студияни кўрсатди, бино қурилиши тарихини гапириб берди. Шуниси қизиқки, телестудия ер остида жойлашган эди. Буни "қўмондони соҳиб" хавфсизлик нуқтаи назаридан қилингани билан изоҳлади.

Ходимларимиз афғонистонлик ҳамкасбларга амалий ёрдам кўрсатдилар ва Ўзбекистон, Самарқанд ҳақидаги кўрсатувлар, лирик қўшиқларни туҳфа қилдик. Уларнинг айримлари шу куннинг ўзида "Ойна" телевидениеси орқали эфирга узатилди.

2003 йил 23 ноябрда Шибирғон шаҳрида Жузжон вилоятининг "Ойна" ва Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатда томонларнинг ўзаро ахборот айирбошлаши, ахборот делегацияларининг сафар дастурларини тузиш, биргаликда фильм дастурларини яратиш сингари бир қатор масалалар назарда тутилган эди.

Журналист Нодир Жўрамуродов Афғонистонга сафаримиз ҳақида, Жузжон ва Балх вилоятлари халқи ҳаётига доир тайёрлаган туркум кўрсатувлар вилоят аҳолиси ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Негаки, унда Афғонистоннинг шимолида истиқомат қилувчи ўзбекларнинг яшаш тарзига оид қизиқ маълумотлар билан биргаликда ота-боболаримиздан мерос дўстлик, биродарлик, миллий қадрият ва меҳр-муҳаббатимиз акс этган эди. "Ойна" телевидениеси дастур директори Муҳаммадюсуф Равнёр, журналист Абдулвоҳид Андхуйи, тасвирчи Барзу Расех, режиссёр Абдулқаюм Басед 2004 йил 20-22 июнь кунлари Самарқандда бўлишди. Меҳмонлар Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси иш фаолияти билан танишдилар ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ошириш юзасидан фикр алмашдилар.

ТЕЛЕВИДЕНИЕНИНГ "ОЛТИН ҲАЛҚА"СИ

Ноннинг макетини ясаб, унга ранг берсангиз, ҳеч қачон аслига ўхшатолмайсиз. Тандирдан узилган ширмой нонларни тасвирчилар қизиқиш билан лентага олишади. Нонларга гўё ноёб асарни томоша қилишаётгандек суқланиб қарашади. Бу Самарқанднинг илоҳий замини, новвойларининг тандирга, бебаҳо неъматимизга берган меҳр тафти натижасидир. Худди шу сингари ижодга меҳр тафтини берган журналистларнинг заҳматли ишлари натижасида "Самарқанд нонлари" деб номланган фильм-кўрсатуви вилоят телевидениеси "тандир"идан чиққан ва республика телеканаллари орқали халқимизга улашилган эди.

Самарқанд вилоят телевидениесида бу каби ранг-баранг, қизиқарли кўрсатувлар кўп. "Замон" информацион дастури (бу дастур ҳозирги кунда "Диёр янгиликлари" деб номланмоқда), хотин-қизлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи "Самарқанд санамлари", "Самарқанд оқшоми", кексалар ҳақидаги "Нуроний", тожик тилидаги "Чашми дил" кўрсатувларини шулар қаторида санаш мумкин. Қарийб 15 йилдан буён эфирга чиқиб келаётган "Олтин ҳалқа" кўрсатуви эса алоҳида таъкидга лойиқ. Кўрсатувнинг номланишида Самарқанддаги халқларнинг бир-бири билан боғлаб турган дўстлик, меҳр-оқибат, садоқат, ҳамжиҳатлик, бир мақсад йўлида собитқадамлик билан интилаётганликларига ишора қилинган.

Ҳозир Самарқандда 14 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Бу марказларнинг ҳар бири тўғрисида "Олтин ҳалқа"да кўрсатувлар берилган. Самарқандда кўпмиллатли аҳолининг ҳамжиҳатлигини оширишда, дўстлик-биродарлик ришталарининг мустаҳкам боғланишида мазкур кўрсатувнинг ҳам ўз ўрни, улуши борлиги "Олтин ҳалқа"нинг энг катта ютуғидир. Кўрсатув бошловчиси ва муаллифи журналист Дилдора Бойниёзова шу байналмилал дастур орқали самарқандликлар тилига тушди, ҳурмат-эътибор топди, мукофотларга сазовор бўлди.

Шу ўринда журналистлар Дилмурод Дўстмуродов, Тошпўлат Тугалов, Мирзо Ихтиёров, тасвирчилар Икром Мамадалиев, Жаъфар Ҳасанов, режиссёр Алишер Ризаевлар меҳнати самараси сифатида яратилган "Афросиёб", "Бибихоним", "Нақшинкор жилолар – Самарқанд зийнати", "Мозийдан садо", "Улуғбек расадхонаси", "Самарқанд қоғози" сингари 20 дан зиёд фильм-кўрсатувлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси бадиий кенгаши томонидан юқори баҳолангани ва МТРКнинг архив фондига қабул қилинганини фахр билан қайд этиш лозим. Уларнинг аксарияти ҳали-ҳануз республика ва вилоят телерадиоканаллари орқали намойиш қилинмоқда.

НАВРЎЗДА НИШ УРГАН КУРТАК

2003 йил Наврўз айёми куни Самарқандда вилоят телерадиокомпаниясида "FМ-105,2" радиоканали биринчи марта эфирга чиқди. Канални яхши ниятда, дунёга юз очсин, деган умид билан "Жаҳон" деб номладик. Дастлаб кунига 14 соатлик эшиттиришлар берилди. Асосан ахборот-мусиқий, дам олиш дастурлари асосида фаолият бошлаган радиоканал тез орада мухлисларини топди.

2004 йилнинг баҳорида "FМ-105,2" – "Жаҳон" радиоканалининг бир ёшга тўлганини нишонладик. Шу мақсадда бир гуруҳ самарқандлик санъаткорлар ва мухлисларни вилоят мусиқали театрига таклиф қилдик. Айтилган вақтда мухлислар театрга оқиб кела бошлади. Залга одам сиғмай қолди. Кўплаб мухлислар ташқарида қолиб кетишди. "Жаҳон" радиоканалининг 1 ёши ижодкорлар ва мухлисларнинг чинакам мулоқотига, байрамига айланди. Радиоканалнинг тез орада мухлислар назарига тушишида Дилмурод Исматов, Нодир Жўрамуродов, Лутфулла Шомуродов, Зебо Тоғаева, Дилоро Fозиева сингари фидойи ходимларнинг ҳиссаси катта эди.

Ҳозирги пайтда радиоканал Самарқанднинг эъзозли маънавият чаманига айланган. Кунига 20 соат эфирга чиқмоқда. Эшиттиришлар ранг-баранг, қизиқарли ва мароқли. Дастлабки пайтларда оддийгина қўлбола студияларда ишлаган бўлса, эндиликда ходимлар замонавий шароит ва имкониятларга эга. Радиоканал Самарқандда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, янгиликларни тезкор равишда аҳолига етказиш, жонли мулоқотлар ўтказиш билан ҳам эл эътиборига тушган, шу юрт ютуқларидан сўзловчи Самарқанд овозига айланган.

Амрилло АҲМЕДОВ.