Самарқандлик акушер-гинеколог хатоси учун жазоланди

Анора Фозилова (исм, фамилиялар ўзгартирилган) 1981 йил Самарқанд шаҳрида туғилган. Самарқанд шаҳридаги туғруқ мажмуасида акушер-гинеколог вазифасида ишлаган. Унга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги “тилхат” эҳтиёт чораси қўланилган. У ушбу айблов хулосаси нусхасини 2019 йил 10 июль куни олган.

Суд ишида шу тафсилотларнинг ўзиёқ одамни ўйга толдиради. Бу ожиза нега суднинг қора курсисида?

Аниқланишича, 2018 йил 15 ноябрь куни А.Фозилова ўзи ишлаган туғруқ мажмуасида фарзанд кўрган А.Амирқулованинг даволовчи шифокори сифатида унинг умумий аҳволини тўғри ва тўлиқ баҳолаб, туғруқдан сўнг бошланган метроэндометритни ўз вақтида аниқлаб, комбинацион антибиотик терапияси, гемотрансфузияни ўз вақтида бажариши лозим бўлган. Бироқ ўз касбига нисбатан бепарволик ва инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли, ўз вазифасини бажармасдан А.Амирқулованинг қон босими ва тана ҳароратини ўлчаш ҳамда оғриқ қолдирувчи “Деклофенак” тиббий муолажасини амалга ошириш билан чегараланган. Оқибатда 2018 йил 19 ноябрь куни аёлнинг умумий аҳволи оғирлашиб, жарроҳлик операцияси ўтказилишига қарамасдан, вафот этган. Яъни, тиббий ёрдам кўрсатишдаги йўл қўйилган нуқсонлар сабаб бир аёл фарзандини дунёга келтириб, оламдан ўтган.

Шундан сўнг А.Фозилова ўзининг содир этган жиноий қилмишини англаб, айбини яшириш ва жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида (ҳақиқатда беморга туғруқдан кейинги бўлимда антибиотик терапия муолажаларини давом эттиришни тавсия қилмаган) беморга бажарилмаган бўлса-да, туғруқлар баённомаси (послеродовый период) варағидаги маълумотлар орасига қўшимча ёзувлар киритиб, тиббий ҳужжатни қалбакилаштирган.

Марҳуманинг қайнонаси берган кўрсатмаларга кўра, турмуш қурганига бир йил бўлган келини ҳомиладор вақтида доимий қишлоқ врачлик пунктида кўрикдан ўтиб турган. Уни туғруқ мажмуасига олиб келишганида кўп куттирмай, чақолоқ қилган. Бироқ иккинчи куни кечаси билан совқотиб чиққанлиги, соғлиғи ёмонлашаётганидан шикоят қилган. Врачларга бу ҳақда айтганида текшириб, натижаларини айтишларини билдиришган. Орадан маълум вақт ўтгач, “аппендицит” экан, деб дори ва тиббий воситалар рўйхатини қўлига тутқазишган. Аммо ...

Бу ҳодиса юз берган вақтда турли шов-шувлар ва гап-сўзларга сабаб бўлганди. Бир жиҳат кишини ўйга толдиради. Бундан барча туғруқ мажмуаларида тегишли хулосага келиндимикан?

Албатта, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг очиқ сайёр суд мажлисида тегишли ҳукм чиқарилди. Унга кўра, судланувчи А.Фозилова узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни тиббиёт муассасаларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Судланувчининг яшаш жойидан кечқурун соат 22:00 дан эрталаб соат 6:00 гача чиқиши чекланиб, муайян жойларга бормаслик, уни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, алкаголли ичимликлар истеъмол қилмаслик, вилоят ҳудудини тарк этмаслик каби қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юклатилди.

М.ТЎХТАЕВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.

Ф.САМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.