Самарқандлик дзюдочилари 2 та олтин медални қўлга киритиб, “Катта Дубулға” турнири ғолиби бўлди
Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида дзюдо бўйича “Катта Дубулға” туркумига кирувчи йирик турнир ўтказилди.
Турнирда самарқандлик спортчилардан Давлат Бобонов ҳамда Муҳаммадкарим Ҳуррамов олтин медални қўлга киритиб, Токио-2020 Олимпиадаси учун муҳим рейтинг - 1000 очкони жамғарди.
-90 килограмм вазн тоифасида ўтказилган беллашувнинг финал баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси номидан иштирок этаётган вилоятимиз спортчиси Давлат Бобонов украиналик Куеджау Набалига қарши татамига чиқди ва рақибини “иппон” эвазига мағлуб этди.
Чорак финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Давлат Бобонов тажрибали спортчи – ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони, грузиялик Лаша Бекаурини “иппон”, яъни соф ғалаба эвазига мағлуб этди.
Эътиборлиси, чорак финалда спортчимизга рақиб сифатида яна бир грузиялик дзюдочи - ўтган йилги Осака “Катта Дубулға” ҳамда Загреб Гран-при турнирлари ғолиби Бека Гвиниашвили кутиб турган эди. Бобонов иккинчи грузинни ҳам муддатидан аввал мағлубиятга учратди.
Ярим финалда рейтингда 37-поғонада турган Давлат Бобонов ушбу рейтингнинг 4-поғонасини банд этган кубалик Иван Фелипе Моралес Сильвага қарши кураш олиб борди ва уни ҳам муддатидан аввал мағлуб этишнинг уддасидан чиқди.
-100 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан яна бир спортчимиз Муҳаммадкарим Ҳуррамов бирин-кетин латвиялик Евгениюс Бородавко, франциялик Седрич Оливар ҳамда мўғулистонлик Отгонбаатар Лхагвасуренни мағлубиятга учратиб, чорак финалга йўл олди ва бу босқичда ҳамюртимиз озарбайжонлик Зелим Коцоевни соф иппон эвазига мағлубиятга учратди. Финал йўлида эса Ҳуррамовга бразилиялик Рафаэль Бузакари вилоятимиз спортчисига рақиблик қилди ва у ҳам мағлублик аламини тортди.
Мусобақанинг финал баҳсида Муҳаммадкарим Ҳуррамов озарбайжонлик Элмар Гасимовни мағлуб этди. Шу тариқа терма жамоамизнинг мусобақадаги иккинчи олтин медалига эгалик қилди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.