Самарқандлик журналист - халқаро танлов ғолиби
Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрида Европа Иттифоқи (ЕИ) Марказий Осиёдаги делегацияларининг ваколатли расмийлари ва ушбу нуфузли ташкилотнинг "Биологик хилма-хилликни тиклаш - бизнинг умумий мажбуриятимиз" танлови ғолиблари эълон қилинди.
Танлов Марказий Осиё: Сув, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик (WECООП) лойиҳаси томонидан биохилма-хилликни йўқотиш инқирози, экотизим таназзули, ресурсларнинг камайиши ва иқлим ўзгариши, шунингдек, барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол шакллари каби мавзуларни қамраб олди.
Унда жами 37 нафар журналист ва блогер иштирок этди. Танловга уларнинг 70 га яқин мақола, видеолавҳа ва турли жанрдаги ижодий ишлари тақдим этилди. Натижаларга кўра, олти нафар ғолиб аниқланди. Улар орасида "Зарафшон" ва "Самарқандский Вестник" газетаси бош муҳаррири ўринбосари, мухбир Анастасия Павленко ҳам бор. Қувонарлиси, унинг "Зарафшон миллий боғи: вазият эътибор талаб қилади" мақоласи танловнинг бош совринига лойиқ топилди.