Самарқандлик ёш врач Қашқадарёнинг олис қишлоқларидан бирида иш бошлайди
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков Чироқчи туманининг Кўкдала ҳудудида тиббиёт соҳасидаги муаммоларни ўрганиши давомида шу ҳудудда ишлаш таклифини билдирган самарқандлик ёш шифокор билан учрашди.
Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом тумани, Гумбаз маҳалласида истиқомат қилувчи Ислом Ғаниев 27 ёшда. 2019 йилда Самарқанд тиббиёт институтини тамомлаган. Яқинда уйланган.
- Ўзим яшайдиган ҳудудда ярим ставкада ишлайман, - дейди Ислом. – Чунки мутахассис кўп, иш ўрни кам. Бу ерда мутахассисларга эҳтиёж катта эканлигини эшитиб, қўшимча иш излаб келгандим. Шўрқудуқдан эллик километрлик масофада яшайман. “Матиз”им бор, қатнаб ишлашим мумкин...
Равшан Тўлаков ёш шифокорни шу ерга кўчиб келиб, Шўрқудуқ оилавий шифокорлик пунктига 1,5 ставка оилавий шифокор ҳамда ҳудуддаги “Тез тиббий ёрдам” шохобчасида навбатчи шифокор бўлиб ишлашга таклиф этди. Агар Ислом туман ҳокими билан белгиланган тартибдаги шартномани имзоласа, нафақат беш миллион сўмдан зиёд иш ҳақига эга бўлиши, балки Президентимиз томонидан белгиланган бир қатор имтиёзларни қўлга киритиши, жумладан, 30 миллион сўмлик бир марталик тўлов, хизмат уйи ёхуд ижара тўлови билан таъминланишини маълум қилди.