Самарқанднинг металл конструкциялари Япония, БАА, Сингапурга экспорт қилинмоқда
Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан тадбиркорларга яратилган имкониятлар билан танишиш мақсадида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси “Сазағон” массивида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
- Бизнес омбудсманнинг вилоятдаги ходимларига йил бошидан буён 242 та мурожаат келиб тушган ва уларнинг 158 таси қаноатлантирилган, 6 таси тегишли идораларга юборилган, 58 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган ва 20 таси ўрганилмоқда, - дейди Бизнес-омбудсман вакили Нодир Намозов. - “Ургут” ЭИЗдаги корхоналар бўйлаб пресс-тур ташкил этилиши ҳам бежиз эмас. Чунки мазкур тузилма юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтиришда, иш ўринлари яратиш, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотларни кўпайтиришда ўзига хос ёндошувни шакллантирди.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2022 йилда иқтисодий зона субъектлари томонидан қиймати 328 миллион долларлик 77 та лойиҳа ишга туширилди ва 5587 та доимий иш ўрни яратилди. Улар томонидан 4855 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб 114,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Шунингдек, ўтган йили 28,7 миллион долларлик 17 та қўшимча лойиҳа ишга туширилиши натижасида минг нафарга яқин янги иш ўрни яратилди ва бюджетга 629 миллиард сўм тушум таъминланди. Жорий йил бошидан буён 77 та лойиҳа ишга тушган бўлса, йил якунигача яна 58 та корхона фаолиятини йўлга қўяди. Шунингдек, Ургут” ЭИЗда 2023 йилда қўшимча 228,1 миллион долларлик (шундан 72,3 миллион доллар хорижий инвестиция) 12 та лойиҳа ишга туширилади ва мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Дастлабки манзилимиз иқтисодий зона таркибидаги “MIRANKUL CONSTRUCTION MATERIALS LTD” МЧЖда шит корпуслари, металл шкафлар, қора металлдан ясаладиган бошқа турдаги турли хил маҳсулотлар, кабель йўлаклари, шамоллатиш тизимлари, бинонинг ташқи, пойдевор ва катта ўлчамдаги енгил конструкцияли соябонлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
- 2018 йилда 10 нафар ишчи билан металлга ишлов беришни йўлга қўйиб, хориждан импорт қилинадиган юқоридаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни бошладик, - дейди корхона раҳбари Нуриддин Ҳамроқулов. – Ҳозирда ишчилар сони 160 нафарга етди ва 2022 йил якуни билан ишлаб чиқариш ҳажми 6 баробарга ошди. Маҳсулотимизнинг 70 фоизи экспорт қилинади. Биргина ўтган йилда корхонамизда ишлаб чиқарилган 18 миллион долларлик маҳсулотни Япония, БАА, Сингапур каби хориж бозорларига сотдик.
Ҳудуддаги яна бир йирик корхона - “TESPACK INVESTMEN” МЧЖда замонавий маиший техника воситалари, альюминий радиаторлар ишлаб чиқарилмоқда. 3,3 миллион доллар сармоя йўналтирилган корхонада 50 нафар ишчи бугунги кунда йилига 330 минг дона альюминий радиатор, 10 минг дона замонавий маиший техника ишлаб чиқарилади.
“SCHELKOVO AGROHIM-O`ZBEKISTON” қўшма корхонасида эса ўсимликларни бегона ўт ва ҳашаротлардан кимёвий ҳимоялаш воситалари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Қиймати 22 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш деярли тўлиқлигича хорижий сармоя асосида амалга оширилади. Жорий йилнинг иккинчи ярмида ишга туширилиши режалаштирилган корхонада йилига 120 минг литр инсекцид, фунгицид, уруғ дезинфектантлари, 60 минг литр роденцидлар, 58 минг литр дефолтиант, 62 минг литр ўсимликни ўстирувчи регулятор каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва 200 нафар аҳоли иш ўрнига эга бўлади. Асосийси, Ўрта Осиёда ягона бу корхонанинг 30 фоиз маҳсулоти ички бозорга йўналтирилса, 70 фоиз маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган.
Ўктам Худойбердиев.