Самарқанднинг янги “ҳаво дарвозаси” ишга тушди

Президентимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида 2019 йилнинг июль ойида Самарқанд шаҳрида сайёҳлар ҳамда тижорат учун барча қулайликларга эга бўлган янги лойиҳадаги аэропорт қурилиши бошланди. Бугун, 18 мартда Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” китобининг очиқ ҳолдаги қиёфасидаги Самарқанд халқаро аэропорти фойдаланишга топширилди.

Очилиш тадбирида Бош вазир ўринбосари О.Раматов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Транспорт вазири И.Маҳкамов, “Uzbekistan Airports” бошқарув раиси Раъно Жўраева, вилоят фаоллари, депутатлар, зиёлилар, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

- Умумий қиймати 170 миллион доллар бўлган мазкур аэровокзал юртимиздаги энг йирик аэропортлардан бирига айланади ҳамда ушбу “ҳаво дарвозаси”да 17 та янги халқаро йўналишлар йўлга қўйилади, - деди О.Раматов. - Буюк Ипак йўлида жойлашган мазкур аэропорт қуввати жиҳатидан Марказий Осиё етакчиларидан бўлади. Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт хабига айлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Бунда маҳаллий йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 7 тадан 20 тагача, географияси 4 та йўналишдан 5 тага оширилади. Халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 25 тагача, географияси 4 та йўналишдан 8 тагача кўпайтирилади. “Очиқ осмон” режимини жорий этиш ҳисобига 8 та хорижий авиакомпанияни жалб қилиш ва 17 та янги мунтазам халқаро йўналишларни йўлга қўйиш назарда тутилади.

Эски аэропорт соатига 200 та йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, янги бинода соатига мингта йўловчига хизмат кўрсатилади. Ўчиш-қўниш йўлаги 3200 метрга кенгайди, кунига 70 та рейс ва бир вақтнинг ўзида узоқ рейсларни амалга оширадиган 26 та самолётни қабул қилиш имкони яратилди. Қурилиш ишлари “Inter inginiring” компанияси томонидан амалга оширилди. Янги аэропортда хорижлик сайёҳлар ҳамда зиёратчилар учун замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш ва қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

- Коммуникацияси ривожланган мамлакатларда аэропортлар шаҳар марказига қулай жойда барпо этилиши инобатга олиниб, Самарқанд халқаро аэропортидан кўҳна шаҳарга кириб бориш йўли бутунлай янгиланди, - дейди вилоят ҳокими Э.Турдимов. - Эндиликда йўловчи-сайёҳлар аэропорт олдигача шахсий ва жамоат транспортида келиш имконияти яратилди. Йўловчилар томонидан энг кўп эътирозларга сабаб бўлган ҳолат - ҳужжатларни расмийлаштиришда узундан-узун навбатларга, юкларни назоратдан ўтказишда соатлаб кутишларга барҳам берилади.

Самарқанд халқаро аэропортида бу ишлар энди сўнгги русумдаги рақамли технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Янги аэропортда замонавий радиоалоқа ва ёритиш тизими қурилди, 4 та янги трап тайёрланди. Ҳудудда 70 та самолёт, 700 та енгил автомобиллар учун махсус бекатлар қурилди.

Туристлар оқимни кўпайтириш мақсадида Самарқанд халқаро аэропорти маҳаллий темирйўл ва автобус қатновларига боғланган, илк бор хусусий бошқарувга берилган янги терминалга айланмоқда. Ушбу терминалга давлат томонидан ҳамкор сифатида “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти иштирок этаётган бўлса, хусусий ҳамкор ва компания бошқарувчиси бўлиб “Air Маrakanda” масъулияти чекланган жамияти иштирок этмоқда.

- Аэропорт энг янги технологиялар билан таъминланган, - дейди аэропорт бош директорининг операцион фаолият бўйича ўринбосари Ҳилми Йилмаз. - Мисол учун, багаж системаси тез ва сифатли хизмат кўрсатиш, рўйхатдан ўтиш устунлари ва кўприкларимизда энг сўнгги технологиялар қўлланилмоқда. Йўловчилар учун болалар майдончаси, ибодатхона, кутиш зали ва бошқа хизматлар бор.