СамДТУда талабалар ва ёш олимларнинг халқаро илмий-амалий конференцияси ҳамда олимпиадаси уюштирилди
Бугун Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Фундаментал, амалий тиббиёт ва фармация ютуқлари” талабалар ва ёш олимларнинг анъанавий 76-халқаро илмий-амалий конференцияси ҳамда “Стоматологияда эстетик реставрация маҳорати” II халқаро илмий-амалий олимпиадаси ташкил этилди.
Халқаро анжуманда Туркия, Малайзия, Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Грузия, Қозоғистон, Украина, Беларусь, Покистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистоннинг тиббиёт олий ўқув юртлари ва илмий-текшириш институтлари талабалари ва ёш тадқиқотчилари иштирок этди.
Конференциянинг тантанали очилиш маросимида олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятовлар иштирок этди.
Самарқанд давлат тиббиёт университетининг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида халқаро анжуман ишида иштирок этиш учун ташриф буюрган И.Кант номидаги Балтика федерал университети (Калининград, Россия) ректори Александр Федоров билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Халқаро конференциянинг асосий иши шуъбалар йиғилишида давом этилиб, уларда жамоат саломатлиги, тиббиётда гуманитар фанлар, ички касалликлар, кардиология, неврология, психиатриянинг долзарб масалалари каби долзарб мавзуларга бағишланган 34 ОТМ талабалари ва ёш олимларининг 270 дан зиёд маърузалари тингланди.
“Стоматологияда эстетик реставрация маҳорати” II халқаро илмий-амалий олимпиада иштирокчилари 3 босқичда ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказди. Халқаро ҳайъат аъзолари томонидан ёш тадқиқотчиларнинг назарий билимлари тест топшириқларини бажаришда, оғзаки савол-жавоб ва тишларни реставрациялаш орқали амалий кўникмаларни бажаришлари холисона баҳоланди.
Халқаро конференция доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг IT-инкубацион Марказининг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилди. Бугунги кунда глобаллашув тенденциялари давлатлар тараққиётини бевосита ахборот технологиялари ривожланиши билан боғлиқ бўлишини тақозо этмоқда. Шунинг учун дунёнинг кўплаб мамлакатлари IT экотизимини яхшилаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратмоқда.
Университетда IT-инкубацион марказининг очилиши, албатта, иқтидорли талабаларнинг ғоялари ва cтартап лойиҳаларини рағбатлантиришга, университетни мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим муассасаси сифатида фаол иштирокчисига айлантиришга, ахборот рақамлаштиришнинг жадал ривожланиш суръатларига ҳисса қўшишга туртки бўлади.
Конференция иши икки кун давом этади.