Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Саройлик ёшларга синфхона ва спорт шаҳарчалари фойдаланишга топширилди

Жомбой туманидаги Сарой маҳалласида жойлашган 26-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар ҳамда маҳалладаги ёшлар учун чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик синфхонаси ҳамда спорт шаҳарчалари фойдаланишга топширилди.

Унда Мудофаа вазирининг ўринбосари, полковник Ҳамдам Қаршиев, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, туман сектор раҳбарлари, фахрийлар ҳамда маҳалладаги аҳоли ва ёшлар иштирок этди.

Дастлаб меҳмонлар ҳамда маҳалладаги аҳоли ва ёшлар иштирокида ҳарбий оркестр садолари остида ҳарбий парад бўлиб ўтди.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик синфхонаси ҳамда спорт шаҳарчаларида яратилган шароитлар билан танишди.

– Мен «Фориш» тоғ полигонида сунъий тўсиқлар йўлагини кўрган эдим, – дейди чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси, резервдаги майор Баҳриддин Калонов. – Давлатимиз раҳбари жорий йилда Самарқандга қилган ташрифида туманимиз аҳолиси билан мулоқот қилган эдилар ва унда мен ушбу сунъий тўсиқлар йўлагини мактабимизда барпо этишда амалий кўмак сўрагандим. Шунга кўра, бу вазифа Мудофаа вазирлигига юкланган эди. Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ушбу вазифанинг ижросини қисқа фурсат ичида адо этди. Яъни, сунъий тўсиқлар йўлагидан ташқари, ўқув синфимни бутунлай янгича кўринишга келтириб, унинг моддий базасини янгилашди ҳамда мактабимизда  5 та муҳим ташаббус, Тараққиёт стратегияси, «Ватан – азиз, жасорат мангу!» ва мактабимиз фахри каби бурчакларни, қолаверса, тир мажмуаси ва ёшларимизнинг барча спорт турлари билан шуғулланишлари учун кенг қамровли спорт шаҳарчасини барпо этишди.

Тадбир якунида маҳалладаги аҳоли ва ёшлар учун ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ташкил этилиб, фахрий қоровулнинг кўргазмали, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги саҳнаси, замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши ҳамда ҳарбий оркестр жамоасининг концерт дастурлари аҳолига хушкайфият бағишлади.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати.